#ZarrabinБЎЙИНБОҒ ДЕСАНГ ЎЛАРМИДИНГ?Бу воқеани мен бир турк адибидан эшитганман. Унга ўша ҳодисани бошдан кечирган полвон жияни ҳикоя қилган экан. У йигит бир халқарокураш мусобақасида ўзбек полвони билан танишиб қолибди. Улар бир меҳмонхонада ёнма-ён турар эканлар. Гаплари қовушиб, дидлари мос келиб, оз вақт ичида қадрдон бўлиб олибдилар.
Бир кун ўша йигит ўзбек дўстидан, бир кечага кроватингни бериб тур, деб сўрабди. Ўзбек ҳайрон бўлибди. Кроватим сенга нега керак, дебди. Турк унга шивирлабди:
– Бир жонон билан танишиб қолдим. Бугун кўришадиганмиз. У жуда гўзал экан...
– Тушундим, кроватинг йўқми?
– Бор, лекин эскироқ.
– Менинг кроватимда айш-ишрат қилмоқчимисан?
– Бир кеча холос...
Ўзбекнинг жони ҳалқумига келибди:
– Қани, бир туёғингни шиқирлат! Чиқ, кўзимга кўринма! – дея уни ҳайдаб чиқарибди. Турк ҳам қизиққон экан, сенга нима ёмонлик қилдим, нега мени ҳайдайсан, деб ўзбекнинг ёқасидан олибди. Бақир-чақирга қўшнилар йиғилиб, икки полвонни зўрға ажратиб қўйибдилар. Улар ичида озарбайжонлик полвон ҳам бор экан, жанжал нимадан чиққанини сўрабди.
– Мен ундан фақат кроват сўрадим холос, – дебди турк.
– Менинг кроватимда бузуқлик қилмоқчи бўлди, бу беномус, – дебди ўзбек.
Озар йигит бу гапни эшитиб роса кулибди. Ўзини тўхтатолмай, қорнини чангаллаб узоқ ханда урибди. Жанжал устида қаҳ-қаҳ урган йигитга қараб ҳамма ҳайрон эмиш. У ниҳоят ўзини аранг босиб, кўзидан оққан кулгу ёшларини артиб ўзбекка дебди:
– Сен қардош бекорга хафа бўлибсан. Кроват турк тилида галстук дегани. Дўстинг сендан, галстугингни бериб тур, деб сўрабди.
Ўша оқшом ўзбек полвони зиёфат берибди. Минг узрлар билан дўстига ҳамма галстукларини совға қилибди.
– Кроват нима, десанг бўлмасмиди? – дебди турк.
– Бўйинбоғ десанг ўлармидинг? – дебди ўзбек.
Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” асаридан