Қозоғистон Республикаси. Олма-ота шаҳри.
Қозоғистон Меҳнат қаҳрамони, Қозоғистон халқ ёзувчиси Абдужамил НУРПЕИСОВнинг 100 йиллик юбилейига бағишлаб ўтказилаётган тантанали Адабий кечага етиб келдик.
Нурпеисов «Кутилган кун», «Оқшом», «Сарсонлик-саргардонлик» романлари муаллифи. Сўнгги уч роман кейинчалик «Қон ва тер» трилогиясини ташкил этиб, кўплаб тилларга таржима этилган. Таржимон сифатида А.Чехов, М.Горький ҳикоялари, испан драматурги А. Кэссонинг «Дарахтлар тик туриб ўлади» ва Нозим Ҳикматнинг «Кўр подшо» асарларини қозоқ тилига таржима қилган. 1958 йилда “Курляндия” романи учун Жамбул номидаги Қозоғистон Давлат мукофотига сазовор бўлган.
Ўзбек тилида унинг “Қон ва тер” номли трилогияси бир неча марта қайта чоп этилган. Нурпеисов асарларини Носир Фозилов ва Лола Тожиевалар ўзбекчага ўгиришган.
Адиб ижодига бағишланган тантаналар эртага бошланади. Бугун Олма-ота шаҳри Қозоғистон Республикаси куни муносабати билан байрам шукуҳига чулғанган. Бовурларимизни Эгаменлик куни билан чин дилдан қутлаймиз!
Акберен ЕЛГЕЗЕК
МУНОЖОТЗамин омон бўлсин, тоғ ҳам омонда,
Соғ-саломат юрсин яхши-ёмонда.
Наинки одамзот, ҳатто ҳайвонда
Мушкулот сезилса, оғирдир менга!
Дилимда ғараз йўқ, бўлманг гумонда,
Соғ бўлсин таниш ҳам,
ёт ҳам жаҳонда.
Наинки бир инсон, тубсиз осмонда
Бир юлдуз узилса оғирдир менга!
Бемаврид қақшатсин, майли, юракни,
Ёғилсин тўфону сели фалакнинг...
Барига кўнаман, лекин гўдакнинг
Ороми бузилса, оғирдир менга!
Омон бўлсин, дейман, дала-дашт, боғим,
Боқий шаҳарларим, азиз қишлоғим.
Бировнинг қазосин эшитган чоғим,
Ўзим жон бергандек жабрдир менга!
Алҳазар, бўлмасин қиёмат қойим,
Юртимга омонлик тилайман доим.
Шу гўзал оламни асра, Худойим,
Ушбу марҳаматинг хайрдир менга!
Қозоқ тилидан
Сирожиддин РАУФ
таржимаси.П/С: Устоз Сирожиддин Рауфнинг фусбукдаги ўзанидан. @SirojiddinRauf