Ҳаёт манзумаси
Мен гуллар ҳақида шеър ёзгим келар,
Нафис капалаклар ҳақида яна.
Уфқдан бош кўтарган қуёш ва денгизга ботаётган қуёшни кузатганларим ҳақида ҳам.
Онамнинг чеҳрасида балқиб турган маҳзун бир нурни шеър қилгим келар.
Шуълани, камалакни ҳалинчак қилиб олган қизалоқ ҳақида ҳам.
Вужудимда ўзидан олдин орзуси туғилар гўдак ҳақида ёзсам дейман...
Дераза даричасидан тушиб турган шуълани бир гулдастадек эшигимга қистириб қочади ҳаёлим. Шу инжалик ҳақида ёзсаммикан?
Заррин нур толаларига, оппоқ чечакларга, дилбар дарахтларга, суманбарларга, атирлар ифорига, қушлар чаҳ-чаҳига тўлиб ётган дунёда нега мудом ғамгин сатрлар айтамиз, эй кўнглим!?
Тинглай олмоқ саодати, ҳис этмоқ нашъу намоси, энтиктирар эҳтирос овозини танийсанку, эй сийланган кўнглим!
Кел, сочларни тараган бармоқлар ҳақида ёзамиз.
Ва соғинчга тўла кўзлар ҳақида.
Баҳорий тароват таралиб турган боғларни куйлаймиз, кел.
Азиз дўстларнинг азиз дийдорини, жонбахш суҳбатларию қадаҳлар жаранги каби нафис кулгуларини шеърга соламиз, кел, кўнглим!
Азали ва абади ишқ, муҳаббат бўлган, эй кўнглим!
Кел, оққушлар, чағалайлар, тўлқинлар, қизғалдоқлар билан севишамиз.
Оппоқ нурлар, илоҳий ҳузурлар, ёниб турган миллион шамга, милярд юлдузга макон бўлган эй шоҳаншоҳим, эй маликам!
Яратганнинг энг олий кашфиёти эй Кўнглим!
Барибир бу дунёнинг ҳадди ҳадсизликдир,
Сарҳади сарҳадсизлик,
Поёни поёнсизлик,
Маъноси муҳаббатдир!
Яъни, моҳият сен ва менмиз, кўнглим!
Оламлар чорраҳаларини туташтирамиз, дунёлар ўртасидаги нафис ришталарни боғлаймиз, бир-бирига интиқ соҳилларни топиштирамиз.
Тинчлик битимларини имзолаймиз одамларнинг қалбида, меҳрдан ипакдек майин ришталар ўтказамиз давлатларнинг сарҳадларида.
Гўдакларга берамиз ер шарини, копток қилиб ўйнайдилар.
Жажжи бошмоқчаларнинг изларига тўлдирамиз ер юзини...
Миттичаларнинг кўзмунчоқдек кўзларига термултирамиз башарни.
Ва тозаришни бошидан кечирар дунё.
Ооо, қара, қанча гўзалликлар мунтазир бизга, эй зарифим!
Сени яхши кўраман, Кўнглим!
05.01.2025
@Guljamol_Asqarova