КЕЛДИМОсмон кўзёшини яширмаган кеч,
Ваъдабоз юлдузлар бўлганда мулзам.
Туним ғамга ботди – қололмадим ҳеч,
Мен сенинг қошингга келдим, азизам.
Бу йўллар мени гоҳ оловга отди,
Кўзёшинг асради, кўзёшинг – зам-зам.
Кўзингда тонг отиб, сўнгра кун ботди,
Мен сенинг қошингга келдим, азизам.
Гуллаган боғларда саробни кўрдим,
Денгизга ботирдим – тўлмади кўзам.
Аксимда бир ҳоли харобни кўрдим,
Мен сенинг қошингга келдим, азизам.
Келгунча минг марта адашганим бор,
Ялтироқ йўлларда оёғим тойган.
Малаклар қўлимга май тутиб маккор
Худди товусдайин қанотин ёйган.
Аммо улар айтган қўшиқлар зинҳор
Кўнглимга кирмайин соб бўлган сазам.
Умримнинг боғлари сарғайиб баҳор
Мен сенинг қошингга келдим, азизам.
Охир келдим... Мана эшигингдаман,
Қўнғироқ тугмаси – асрлик фурсат!
Азизам, ранжима, гуноҳкорингман,
Адашган итингга мурувват кўрсат.
© Исломжон ҚЎЧҚОРОВhttps://t.center/islomjon_ijodi