БИР АЁЛ ҲАҚИДА ШЕЪРЭй менинг ерлигим,
ота қумлигим,
Ўйинг шу даладан ўтмаган боқсам.
Нега момомдан ҳам музтарроқсан сен,
Нега Ҳаводан ҳам хокисорроқсан?
Оғрисанг, эгасиз итдай қувилдинг,
Ярасанг, бошингга чиқдилар эга.
Турмушингдай оғир кетмонлар бир кун,
Ботмасми елкангнинг чуқурларига?!
Товонинг гуллади, этагинг ёнди,
Юрагинг қонади билдирмай сенга.
Кўзларинг ортида шафақлар сўнди,
Жаҳаннам дунёнгга кетгандай сингиб.
Либос либослигин унутди буткул,
Кулгингда йиғининг синиқ оҳанги,
Кулранг хаёлларинг, тушларинг-да кул,
Фақат кўргилигинг рангиндан рангин.
Аразласанг туғдинг, қувонсанг туғдинг,
Зериксанг ҳам туғдинг,
зориқсанг туғдинг,
Тўрт қизинг бир ўғил бўлгунча туғдинг,
Бир ўғлинг тўрт ўғил бўлгунча туғдинг,
Дунёга келтирдинг хорлик, ҳақирлик,
Дунёга келтирдинг миннат юкини.
Довуллар тўколмай,
кўксингдан
юлдузлар кетдилар тўкилиб…
Алла айтавердинг шом-у саҳарлар,
Майсалар, ҳур қушлар ёд олди уни…
Алла айтавердинг – ўзидан ўзди
қоялар
қоядек умрингни йўниб…
Эй менинг ерлигим,
муштипаргинам,
Нега сенинг кўнглинг ёпиқ дастурхон?
Кўзгуни синдирди кўзларинг дарди,
Нега сен қилмадинг зулмга исён?!
Эй менинг ерлигим…
✍️ Рашид ХЎЖАМОВ