Лермонтов “Ўйлар”и бугунимизга нақадар уйқаш***
Замондош наслимга қарайман ғамгин,
Унинг келажаги – нурсиз, шарафсиз,
Дунё, таниш-билиш, гумонлар юкин
Кўтариб кексаяр бекор ва нафсиз.
Оталар хатосин, кеч кирган фаҳмин
Мерос қилиб олдик бешикдан бизлар,
Турмуш бизни, гўё бегона базми,
Гўё мақсадсиз йўл, чарчатар, эзар.
Яхши-ёмонликка бешарму бефарқ,
Умр бошидаёқ жангсиз сўлармиз.
Хавфлар қаршисида шарманда-қўрқоқ,
Ҳокимлар қошида манфур қуллармиз...
... Ақлимизни сўрди самарасиз фан,
Шубҳа таҳқир этган эҳтиросларнинг
Олийжаноб сасин, умид-ихлосларни
Ҳасад-ла яширдик яқин дўстлардан...
Санъат дурдонаси, шеърий орзулар
Завқидан уйғонмас бизнинг фаросат.
Биз титраб сақлаган қолдиқ туйғулар –
Хасислик дафн этган, фойдасиз бисот.
Севгимиз – тасодиф, нафратимиз ҳам,
Йўлида ҳеч нарса қилмаймиз қурбон.
Қонда ёшлик ўти қайнаб турган дам
Сирли бир совуқлик қалбда ҳукмрон...
Тез унут бўлғучи мунгли тўдадай,
Давр учун бирорта доҳиёна иш,
Бирор самарали фикр қолдирмай,
Дунёдан ўтамиз беиз, бетовуш.
Мулкин сотиб ичган ота қабрида
Аламли кулгандай алданган ўғил,
Гражданлик ҳаққи билан, хокимиз узра
Нафратли шеър ўқир келгуси бўғин.
Михаил Лермонтовнинг "Ўйлар" ("Дума", 1838) шеъридан.
Асқад Мухтор таржимаси. ***
Фақат рус адабиётининггина эмас, жаҳон поэзиясининг ҳам порлоқ юлдузларидан саналган Михаил Лермонтов (1814–1841) жуда қисқа (27 йилга етар-етмас!) умри давомида ўзидан нодир адабий мерос қолдирди. Шоирнинг шу каби шеърлари ўз вақтида бутун Россияни ларзага келтирган, эрксевар қалбларда зулму разолат, жаҳолатга қарши шеърий исён ўлароқ акс садо берган ва ҳали-ҳануз шеърият шайдолари, озод руҳ ошиқларини ошно этиб келаётир. Атоқли рус мунаққиди Виссарион Белинский Лермонтов ижодига ўз даврида муносиб баҳо берган эди...
М.Лермонтов асарларини Ғафур Ғулом, Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Миртемир, Усмон Носир, Асқад Мухтор каби атоқли ижодкорлар ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилганлар.
Лермонтов ижоди ва шахсияти, ҳавола этилган шеърлар “биография”си билан қизиққанлар махсус адабиётларга мурожаат қилишлари, асарларини синчиклаб ўқиб чиқишларини истаган бўлардик. Беҳзод Фазлиддин #Жаҳон_адабиёти #Таржима #Ижод_ва_эътиқод@Behzod_Fazliddin