“ҲАММАСИ ЯХШИ БЎЛАДИ”Ҳалокатга учраган “АЗАЛ” авиакомпаниясининг ҳаволайнери борт кузатувчиси, озар халқининг жасур қизи Ҳукума Алиева хотирасига бағишланади.Баъзан элга оғир мусибат,
Бир тасодиф билан келади.
Озаримнинг сорбургут келбат,
Тайёраси бехос қулади.
Хавф олдида бир юпанч сўзни,
Кимдир айтиш керак тўқима!
Ҳозир бўлдинг, эй турк малаги,
Ўлимга тик боқиб, Ҳукума!
Ичингдаги фарёдларингни
Калимаи Шаҳодатга чай.
Эзгуликнинг қанотларини
Замин узра мардонавор ёй!
Бу ҳаётда, билсанг, баримиз
Бир чорасиз йўловчилармиз.
Сен чора бўл, адл, бўл,
Ҳукума,
Қўнғироқдек янграсин бир сўз!
Сен дунёни уйғотиб юбор,
Гул юз билан, чарос кўз билан.
Сен дунёни уйғотиб юбор,
Шу биргина ёруғ сўз билан.
...ва "Ҳаммаси яхши бўлади!"
Эриётган муз тоғларига
Бир нажот тут, инонтир, токи,
Куяётган Ернинг бағрига
Босиб турсин яхпарча гоҳи.
Нафаслари бўғилган боғлар,
Сўзларингдан топсинлар таскин.
Меваларга ёприлган зоғлар,
Ҳуркиб кетса, шу сўздан кошки.
Етиб борсин майин овозинг
Тош босган ол лолаларгача,
Урушларда тишлаб турган мунг,
Инграётган болаларгача!
Лочин Ҳукума,
қулочингни ёз,
Шамолларга сен бўлма таслим!
Қулаётган самолёт эмас,
Қулаётган дунёдир асли!
Фахриддин Ҳайит
2024 йил 27 декабрь.
🛬https://t.center/faxriddinhayit