ДЎСТИММИСИЗ ? Бугун менинг беш-ўн сўмлик давлатим бор,
Қўлдан давлат кетганда ҳам дўстиммисиз?
Тақдир кулиб, жилмаймоқда, мен бахтиёр,
Тақдир зуғум этганда ҳам дўстиммисиз?
Бугун шодман, қувончлардан тўлар юрак,
Ғамлар бошим экканда ҳам дўстиммисиз?
Шукур соғман, куч-қувватга лиммо билак,
Бош ёстиққа текканда ҳам дўстиммисиз?
Бугун менинг бағрим очиқ, ҳар сўзим - "хўп,
Бағрим зардоб ютганда ҳам дўстиммисиз?
Бугун исмим айтилганда "қуллуқ" лар кўп,
Бир кун даврим ўтганда ҳам дўстиммисиз?
Юрибман мен бугун бўлиб, бирам кўркам,
Йиллар сўзин айтганда ҳам дўстиммисиз?
Қайтар дунё дерлар буни, бир кўп, бир кам,
Тегирмон терс қайтганда ҳам дўстиммисиз?
Ҳозир менинг умр йўлим равон-равон,
Оёққа чоҳ етганда ҳам дўстиммисиз?
Давраларнинг тўридаман, мен айни он,
Шон-шуҳратим битганда ҳам дўстиммисиз?
Бугун ҳаёт қўлларимга тутмоқда қанд,
Ошим заҳар этганда ҳам дўстиммисиз?
Бугун борман, тирикман мен, Аллоҳга ҳамд,
Сўнгги йўлга етганда ҳам дўстиммисиз?
Тунингиз хайрли ўтсин, азизим! ✨Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77