* * *Бўронли кечадай руҳим безовта,
Қалб сокин бамисли қор тўккан фалак.
Бошга ўтган кунлар қўнди қировдай,
Юзгинам, биринчи ажин муборак .
Қарийб чорак аср яшаб қўйдим мен,
Олма ё зардоли умрича фурсат.
Дарахтчалик фойда бермадим, лекин,
Тангрим ўтинаман, тўғри йўл кўрсат.
Барини ёшликка йўйиб қўйдим мен,
Майсалардек интиқ яшадим нурга.
Севдиму оташин бўсалар таъмин
Олиб киролмадим шеъру шуурга.
Ё Оллоҳ, шу дамда бир қудрат бергин,
Ошиқлар дардини куйлайин эркин.
Қанийди, юрагим этолсам форуғ
Бир дард деб бўлмасди бунча девона.
Шаҳар кўчасини кезиб юрар руҳ —
Етти қат осмону ерга бегона.
Йўллар тугамайди, тугаб борар вақт,
Лаҳзалар пойида уваланар жон.
Тушларимда имлаб чорлайди ҳар вақт,
Битта парисиймо, бир офатижон.
Манқалда қолгандай куймоқда бағир,
Биргина у билан бутдир табиат.
Қачондир учрашмоқ умиди ахир,
Сўнмас, яшамоққа ундайди фақат.
Ҳамон севишимни билгувчи бир сен,
Айтмоққа куч бергин, тил-забон бергин.
Гарчи бахтим бутун, қуёш кўрмаган
Олис шимолда ҳам унган мисол гул.
Йилт этган ёғдуга ташна каби тан,
Ортдаги чечакка чўзаяпман қўл.
Йиллар чархпалаги айланган сайин,
Гоҳо кўникмоқни истади бағир.
Ҳижрон ҳам севгининг меваси тайин,
Кўникмоқ унутмоқ эмаску, ахир.
Зулукдай сўрмоқда ақлим, идроким,
Таскинсиз дард каби тўлғонган соғинч.
Юрагимда севги бор экан токим,
Уни қўмсагайдир, ургайдир нотинч.
Ё Оллоҳ, тарқалсин руҳимдан ғубор,
Уни менга ата, у томон юбор.
Мажланиб кўнглимнинг соҳилларида,
Дардимга марварид қўшгандир ҳаёт.
Яшайди у қизнинг кокилларида,
Ҳали мен ёзмаган минг битта баёт.
Тушда кипригига жонимни осиб,
Қайтаргум чин ошиқ калимасини.
Сочини юзимга, лабимга босиб,
Ўқийман дилимнинг таржимасини.
Аммо ноаёндир у қизнинг туши,
Ҳали ҳам севарми, умидми висол?
Билмайман, ёнига пир этиб тушиб
Яна учиб кетган бир қушча мисол.
Ё Оллоҳ, барини қайта бошлагин,
Икки оташни бир қўрга ташлагин.
Эриб бораяпман, сувдай оқяпман,
Қуласа ҳам мағрур қулармиш шамшод.
Тангрим, севмоқликни этмагансан маън,
Тангрим, ёнсам ёнай, бермагин имдод.
Уфққа қўшилиб бораркан олов,
Ана, Баҳодир деб кўрсатсинлар, бас.
Ажабмас, ер узра олганча қалов,
Бўй чўзса, яна бир олов шу нафас.
Бу ишққа тўй лозим ва ёки мотам?
Билганим, неча минг асрлар ўтиб,
Сайёралар аро мажлис бўлган дам,
Ер борар иккита машъала тутиб.
Шукримни қабул эт, бор саждам сенга,
Сийладинг, ўлмас бир ишқ бериб менга.
✍ Баҳодир Баҳром
🕰 2014 йил👇👇👇https://t.center/eng_suluv_armon