33-бекатШу кунгача ҳаётимни йўл деб билибман. Техас йўлларидек узун, атрофда ҳеч ким йўқ, фақат йўлнинг охирида тоғ кўринади. У йўлда ёлғизлик, зерикиш, ғам йўқ, ҳузур-ҳаловат, ёруғлик бор. Балки йўлни топганимдан далолатдир бу, билмадим. Ҳа, бир йил эмас, беш-олти йилдан буён экзистенциал инқирозни бошдан кечиряпман. Бу ўйлар одамни реалликдан юлиб олиб, ичига кўмилишга, ўзи билан ўзи андармон бўлиб қолишга мажбур этади. Ўша ўйлардан бошқаси бекор, майда, ўткинчидек туюлади. Бир йилдан буён ўзим журналист бўлганим ҳолда янгиликлардан иҳоталанганимнинг боиси ҳам шудир. Бу ҳаракатимни ўзимча кўп (яна шум) воқелик, янгиликлар одам руҳини фалаж қилади, деган важ билан оқладим. Аслида ўзига кўмилган, ўзига кифоя одам учун атрофингда оқаётган дунёнинг бари ортиқча, малол иш эди.
Назаримда, 33-бекатдан кўнглим, ақлим таскин топгулик жавоблар олдим. У жавобларни топгунча эса ёпишмаган соҳам, ёпишмаган йўлим қолмади деярли. Миям баъзан “Эй одам, менга озроқ дам бер!” деяётгандек туюлди ҳам. Шунча ўзимни азоблашимга қарамай, йил охирида бошқа одамлардек сарҳисоб қилолмас, кутилгандек натижа ололмасдим. Кутганим кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб бўладиган ҳисоботлар ҳам эмасди: нечтадир китоб ўқидим, палонча давлатга бордим, уй, машина, яна ... олдим, шунча битик ёздим дегандек. Гўё санаганларим одамнинг ҳаётида табиий ҳолдек рўй берувчи жараёнлар эди. Йилнинг охирида реалликка, ҳаётга қайтиб англаяпманки, мен жараён деб атаганларим ҳам аслида кўпчилик учун мақсад экан. Одам умрининг ҳар бир йилини шундай кичик мақсадлар билан режалаши, бойитиши охир-оқибат бир картинани яратар экан.
Хуллас, 2025 йилдан оламга, одамларга очиламан. Соғлиқ, ижод, оила, муносабатлар, молиявий ҳолат, илм олиш ва ҳаётни қизиқ қилувчи саёҳатлар, хобби борасида аниқ режаларим бор. 2024 йилда менга панд берган, мени ўлдирмаган, лекин кучли қилган жиҳатларимни ҳам белгилаб қўйдим.
Йил сўнгида кун саволи бўлиб бири қийнаяпти:
Самимиятни ожизлик деб билганларга Қорбободан “дерзкий” ниқоб сўрасаммикин ё болаларимдек Қорбобога ишонмай, ўзимни ўша “бечарашка” хислатим билан қолавераймикин?Аслида рақамлар, кун, ой, йил ҳаммаси нисбий, лекин чегаралаб қўйилганида ҳикмат кўп. Ҳеч қурса, умрнинг жуда қисқалигини йил ўтгани сари билиб турамиз.
Ҳаётингизнинг яна бир йили кутганингиздек, тилаганингиздек ўтсин! Сиз учун нима муҳим, зарур бўлса ва у бахт келтирса, ҳамма-ҳаммасига етишинг! Янги йилда кўришгунча!@sevara_alijonova