ЯНГИ ЙИЛ ШЕЪРИДон каби сепилди совуқ туманлар,
Оқ қорларни кийган йўллар чиройли.
Уйларнинг кўзлари деразаларда
Очилиб-сочилган гуллар чиройли.
-Совуқ қотмадингми синглим, эгачим,
-Акажон жонимдан ўтмоқда аёз,-
Сеҳр-афсунларга етмади кучим,
Қорбобо эмасман, Эшқобил, холос.
Ялдо кечасида бир йилни кечдим,
Оғир-оғир эди бу кеча кўнглим.
Онам аллаларин эслаб энтикдим,
Уларни Тошкентда сен айтгин, синглим.
Боладай тинглай деб келдим қошингга
Унут қўшиқларнинг қаҳридан қақшаб.
Онам аллаларин айтгин бошимда,
Эгачим, айтиб бер онамга ўхшаб.
-Янги йил келмоқда, ака, янги йил!
Ягона байрам бу, ғамгинсиз бироқ?
-Мени онам каби тушунгил, синглил,
Ахир, ўтган йилим ўйлатар кўпроқ.
Ҳа, бир йил руҳимдан кечиб бормоқда
Гоҳо шод, гоҳ маъюс палласи билан.
Кутмоғим зарурдир ҳар янги йилни,
Онамнинг энг ширин алласи билан.
Ялдо кечасида бир йилни чекдим,
Қаршила, муштипар сўзларни тўшаб,
Онам алласини эслаб энтикдим,
Эгачим, айтиб бер онамга ўхшаб.
Бу йил ҳам сўнг манзил қошига борган,
Не топиб, неларни йўқотир кўнгил.
Сендан акангга деб бериб юборган,
Онамнинг алласин йўқотма, сингил.
1985
© Эшқобил ШУКУР@Eshqobil_Shukur_ijodi