Туркияда иш бор, лекин...Асосан эркакларга мўлжалланган ишлар ва маошларни ёзаман,
1 йил давомида ичкаридан вазиятни яхши ўрганганим учун аниқ биламан буларни, хотин-қизларга тўғри келмаслиги мумкин, балки бир хилдир...
Анкарада асосан ошхона ишлари бор. Ресторанларда официант ёки коми
(официантга овқат элтиб берадиган ёрдамчи) бўлиб ишлашингиз мумкин.
12 соат иш, гоҳида бундан ҳам кўпроқ қолиб кетасиз, лекин кўпинча бунга қўшимча ҳақ тўлашмайди...
Мен бошида коми/авёр бўлиб ишлаганман.
Ойлигим ўша пайтдаги “Asgeri Ücret” - 17 000 TL, тахминан 520$ атрофида эди. 2 маҳал овқат ресторан ҳисобидан. Лекин айтарли зўр таом кутманг, берганига рози бўласиз...
Коми/авёрлик қилаётиб, ошхонага ўтишга ҳаракат қилдим. Бунда
1-2 минг лира кўпроқ ойлик оласиз, ҳам тайёр ҳунар ўрганасиз, ҳам кун бўйи овқат тўла патнос кўтариб юраверишдан оёқларим йиғлаб юбораётганди.
Ошхонага ўтиб, эплаб кетдим.
Катта-катта балиқларни бўлиб, кесиб, пиширишни бошладим. Секин-аста ойлигим ҳам кўтарилди. Умрида товуқ сўймаган бола эдим масалан :)
Ишни, тилни ўрганиб, муҳитга мослашганингиз сари маошингиз ҳам ошаверади. Масалан мен бошида 17 минг лира иш ҳақи олган бўлсам,
ишдан бўшаганимда 24 минг лира олардим. Кетишимга қўйишмаган, истасанг маошингни ошираман, 27-28 минг лирагача беришга тайёрман дейишганди...
У пайт “Asgeri Ücret” 17 минг лира эди.
Яқиндагина энг кам ойлик иш ҳақи 22 минг лирага кўтарилди. Агар ҳозир қайтиб борсам, тажрибам бор, ишни ўрганганман, тил биламан, 30 минг лирадан камига ишламаслигим аниқ...
Тил билмасангиз, тажрибангиз бўлмаса,
энг кам ойлик иш ҳақи, яъни “Asgeri Ücret”га рози бўлишга мажбурсиз...
Қурилишда, бозорларда ҳам иш бор. У ёқдаги вазиятни очиғи билмайман. Ундай катта фарқ қилмаса керак деб ўйлайман.
Бу ерда ресторан соҳаси ривожланган, иссиқ жой/овқат, ҳам тайёр ҳунарлиги учун мен шу йўлни танлаганман...
Турклар сизга ўзлариникидай муносабатда бўлмайди.
Улар ишга кеч қолишлари, ухлаб қолишлари, ноҳақлик бўлса ёки жаҳли чиқса, қўпол муомала қилишлари табиий ҳол. Лекин сиз ундай қилдингизми, камида гап эшитасиз ёки ишдан ҳайдаласиз...
Яна бир ҳолат, аксар ҳолларда туркларга кўпроқ ҳақ тўланади. Масалан,
12 соат ишлайдиган мен 24 минг лира маош олсам, 10 соат ишлайдиган турк йигит 35-40 минггача ойлик оларди. Вазифамиз бир хил, унинг ягона устунлиги турклиги эди холос...
Аммо Ироқ, Сурия ё Афғонистон фуқаролари биздан ҳам оз ойликка ишлайди.
Мен 24 минг олганимда, айни иш қиладиган ироқлик ҳамкасбим 19 мингга ишларди...Иш жойида ўзбеклар бўлса яхши, бўлмаса унданам яхши. Билмадим, балки менга шунақалар йўлиққандир,
энг кўп ёмонликни ўзимизникилардан кўрганман. Мусофирмиз, дуо қилиб қўйсанг бас, ёрдам қиляпман, деган манипуляциялар қилиб, кийдириб, ухлатиб кетишади. Эҳтиёт бўлаверинг... :)
Ошхона иши яхши,
ҳар ҳафта охирида бўладиган 20 та кўзи бор, мойга ботиб, қотиб кетган газ ўчоғини ювиб тозалаш азоб, овқат пишириш яхши, ҳар куни тонгда қоп-қоп кўмир ёнадиган изгара кулини тўкиб, уни янгитдан ҳозирлаш ёмон. Ҳунарли бўлганим яхши,
миллатим ўзбеклиги учун кўп иш қилиб, турклардан кам ойлик олганим ёқмасди... :)Ҳамма жойда ҳам эмас, лекин кўп ерда турклар чет элликларни арзон ишчи кучи сифатида кўради.
Турк эмасмисиз, иккинчи сортсиз, суриялик, ироқлик, афғон бўлсангизку, қадрингиз учинчи сортга тушади.
Туркияга ишга келмоқчимисиз, шу ҳолатларга тайёр туринг.
Илоҳим йўлингиз очилиб, фақат яхши инсонларга йўлиқтирсин Худо, мободо шундай вазиятларга юзлашсангиз, менга ўхшаб шокка тушиб қолманг дея ёзиб қўйдим :)
@Ijoddardi