....
Энди бу ерга бошқа одам билан келасан деди.
Кулдим.
Энди менга бошқа одам бўлиб келасан деди.
Кулдим.
Эсдаликлар жонингни чўғдек куйдиради дедим.
Кулди.
Ёнингда бўлмасам ҳам юрагингни тўлдириб тураман дедим.
Кулди.
Менинг кўз олдимдан ўлим ўтиб бораётир
Билдинг.
Сенинг кўзингдан умр оқиб бораётир
Билдим…
СУКУНАТ
“Хато берилган саволга тўғри жавоб бериб бўлмайди”
Мен ҳозир сукунатдан ҳам жимман.
Узоқ юриб келдим бу жимликка.
Узоқ шовқиндан кейин келдим бу сукунатга.
Япроқлари қолмаган куздаги дарахтдек жимман.
Қишда очилган куртакдек жимман.
Она қучоғидаги гўдакнинг уйқусидай,
Оғир дарддан кўз юмган одамнинг қабридай,
Ёздаги денгиз сувидек тинчман.
Бошини мангу қор босган тоғлардек,
Қишлоқдаги уйнинг чироғи ўчиб қолгандек,
Узоқ сафардан чарчаб қайтган одамдек
Девордаги тўхтаб қолган соатдек
У девордаги бобо-бувининг суратидек.
Бобом ўлгандаги момомнинг унсизлигидек
Тор хонадаги онамнинг эски сандиғидек,
Ватаннинг унутилган қурбонларидек
Яна
Ёнган уйнинг скелетидек тинчман…
.....
“Умидсиз шайтон” (Шарқ мақоли)
Сен - менинг сўнгги умидимсан…
Мени шайтонга айлантирма.
....
Бугун сен ёлғиз емассан,
Дераса токчасига қўйилган шам,
Сен ўқиган, сени ўқиган китоблар.
Қўнғир қути ичидаги эски суратлар.
Эски суратлар ичидаги сен яна
Деразадан кирган қўшнинг тайёрлаган ош иси.
Омон чиқсак бу тундан:
Бари яхши бўлади, бари яхши бўлади.
УНУТИШ
Бу сафар ичинг умидсизликка тўлиб,
сўзларга узоқ термулиб қарадинг.
Излаганларингни топдинг ҳам,
нимани излаётганингни унутдинг сўнгра.
КЎРИШИШ
Бир куни кечқурун гулларнинг сўлганини кўрасан,
Жонингни бир бўлаги музлаганин кўрасан.
Сен севган дарахтнинг япроғи қолмаганин,
Сен севган ой нури ҳеч қачон бўлмаганин,
Сен кутган қушларнинг учиб кетганин,
Соғинчингни ўз ичинга тушиб кетганин,
Айтилмас сўзларни бегона айтганин,
Тупроқдан келганнинг тупроққа қайтганин,
Энг кичик ҳаёлнинг энг оғир салмоғин,
Ўтганнинг қўллари жонингдан олмоғин,
Сен билган Ватаннинг обод эмас эканин,
Сен кутган умрнинг абад эмас эканин,
“Етаман” деб тушганинг йўл эмас эканин,
“Етдим” деб кўрганинг ул эмас эканин,
“Хасрат” деб қучганинг сор эмас эканин,
“Хасрат” деб қочганинг тўр эмас эканин.
Кўрасан...
Кейин бир куни уйғониб ёлғизликни кўрасан,
Ёлғизлик билан хайрлашиб, ёлғизликка келасан.
Хуш кўрдик!
Муаллиф: Рўза Осмонқизи
Ўзбекчалаштирди: Санжар Тошбеков