#ЯНГИ_ШЕЪР* * *
Яна телба дунё қайтди ҳолига,
Ранг-баранг чироқлар,
Сачроқ мушаклар,
Бир лаҳза порлаган кўзлар ҳам сўнди.
Жўнлик қайтди турмуш дастурхонига,
Қалблар,
Онглар,
Руҳлар
Байрам ўтганини тушунди.
Ерга яқин келган юлдузлар ўчди,
Яна ғижим бўлди осмон чойшаби.
Кеча ахир олам тенг кўрган эди
Қорни тўқни, юпунни, очни,
Ҳаммада нон бутун эди ой каби.
Кеча қашшоқ бойдек сезди кунини,
Дуолар қадаҳга солиб ичилди.
(Дуо кафтда бўлар, қадаҳда эмас!
Тавба дилда бўлар, ваъз-аҳдда эмас!)
Мандарин пўстидек арчиб тўнини,
Жулдур қалби,
Қуруқ устихони,
Ғариб ҳоли қолгунча ечинди –
Мақтанмоқчи эди
ҳеч қурса бир кун!
Банан пўчоқлари ярим ой каби –
Кимсасиз йўлларга ойлар сочилган?
Худди қарз устига ўтган тўй каби,
Тонгда қорлар ёға бошлар сочига...
Босриқиб тураман – байрамда ухлаб,
Оддий намозшомда уйғонган беғам.
Шуурим тирилар – ҳаётни йўқлаб:
Ғазо тинчми!
Қулаб тушмадими бир учоқ одам!
Ватан турибдими – уйқумдан аввал
Сархуш тилакларга тўлган бу Ватан
Ҳануз жойидами!
Сотишмадимикан уйқумда мени!
Яна там-там дунё қайтди ҳолига,
Кимлигингни эсла,
ишга бор,
кийин.
Нон керак,
ёғ керак,
туз керак дастурхонингга,
ахир фақат Тангри қолди байрамдан кейин!
📆 3.01.2025.
✍️ Носиржон ЖЎРАЕВ