#муаллифдан“Кўк кўл” ҳақида
Ҳурматли китобхон! “Кўк кўл” ҳикояси ҳақида икки оғиз ўз фикр-мулоҳазаларимни билдиришни лозим топдим. Яъни бу ҳикоя нима ҳақида, муаллиф қандай ғояни илгари сураяпти, умуман, шулар ҳақида бироз тўхталиб ўтмоқчиман. “Кўк кўл” бундан қарийб йигирма йил муқаддам ёзилган. Асар асосан тимсол ва рамзлардан иборат. Аниқроқ айтсам, асар эзгулик ва ёқузлик ўртасидаги азалий кураш, бунда эзгулик ортга чекиниб, ёвузлик вақтинча бўлса-да, устун келса, нафақат одамлар, балки табиатнинг бошига ҳам адоқсиз кулфатлар ёғилиши ҳақида. Эҳтимол, сиз асарни ўқиб туриб, ўйлашингиз мумкин: ҳеч замонда зилол сувли кўл ҳам қутуриши мумкинми? Айтайлик, бирон-бир жонзот, қурт-қумурсқалар шундай дарду балога гирфтор бўлиши мумкиндир, аммо кўлнинг қуюшқондан чиқиб, одамларга ҳамла қилишини қандай тушуниш мумкин? Бир қарашда, бу саволларда жон бордек туюлади, одам дафъатан сувнинг қутуришига ишонгиси келмайди. Аммо бадиий адабиёт шундай қудратга эгаки, у сўз орқали одамларни ўта ғайритабиий воқеа-ҳодисаларга ҳам ишонтиради. Албатта, асарда кўл, унинг қутуриши тимсол, яъни рамзий маъно ташийди. Мен айтмоқчи бўлганим шуки, ёвузликни ҳеч нарса қабул қилолмайди, ёвузлик нуқси урган ҳар бир нарсанинг моҳияти бузилади, яъни айнийди... Кўл ҳам шундай аянчли қисматни бошидан кечиради: унинг зилол суви дарахтлар томиридан гулхан ёқиб, сўнг кулини баданига суртган ҳалиги келгинди чўмилгач, айнийди, нафақат айнийди, балки ёвузлик, нопокликни бағрига сиғдиролмай қутуриб кетади. Асарда ёвузлик тимсоли бу ҳалиги келгинди кимса, у дарахтлар томирини кесиб, гулхан ёқади ва оловда исиниб, тийиқсиз роҳат олади... Агар бу келгиндининг оддий ўтин-чўпдан эмас, айнан дарахт томирларини кесиб, гулхан ёқиши таҳлил қилинса, ўйлайманки, унинг янада ёвузлиги, муддаоси нақадар тубан экани ойдинлашади... Чунки дарахтлар — тириклик тимсоли, уларнинг томири кесилса, ҳаёт барҳам топади. Асардаги оқ туяларнинг қишлоқдан чиқиб кетиши ҳам тимсол. Ривоят қилишларича, туяла муқаддас саналади. Асарда туялар авлиёлар тимсолини ифодалаш мақсадида келтирилган. Яъни қишлоқда одамлар яхшини ёмондан ажратолмай қолгач, фалокат рўй беришини сезган авлиёлар руҳи қишлоқни тарк этади. Асар сўнгидаги бўм-бўш карвонни етаклаб, гоҳ кунботардан кунчиқарга, гоҳо кунчиқардан кунботарга “Аралаш-қуралаш”, “аралаш-қуралаш” дея ўтиб қайтадиган телба кимса ҳақидаги ривоят ҳам аслида ҳаётда бўлган. Буни менга фарғоналик раҳматли Турсунали полвон гапириб берган. Унинг айтишича, Самарқанд атрофида шундай авлиёсифат киши яшаган ва бўм-бўш карвонни етаклаганча, “аралаш-қуралаш”, “аралаш-қуралаш” дея бақириб, у ёқдан-бу ёққа ўтиб-қайтиб юрган. Раҳматли Турсунали полвон шу ривоятни эшитгач, қаттиқ таъсирланганман ва “Кўк кўл”нинг умумий руҳига мос келишини кўриб, фойдаланганман. Кейинчалик Турсунали полвон “Кўк кўл”ни ўқигач, ҳалиги ривоятни яхши ишлатибсиз, деб хурсанд бўлган.
Хуллас, шунақа гаплар. Мен “Кўк кўл” ҳақида қисқача фикр юритдим. Хўш,, сиз “Кўк кўл” ҳикоясини ўқиган бўлсангиз, кўнглингизда қандай фикр-мулоҳазалар уйғонди, хаёлингиздан нималар кечди? Илтимос, бу ҳақдаги фикр-мулоҳазаларингизни билдирсангиз, хурсанд бўлардим. Сиз билан адабий мулокотларимиз янада мазмунли ва қизиқарли тарзда давом этишига умид қиламан.
Ҳурмат билан Шодиқул Ҳамроев@shodiqul_hamro_ijodi