СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ
Умида Муқимовага
Aйлантириб борар йилларни
Ҳали бизлар билмаган тилсим.
Aдаштириб қўйма дилларни,
Парталарга ёзилган исм.
Улғайдикми, наҳотки, энди
Ҳеч кечикиб келмаймиз дарсга.
Мактаб боғи -- қий-чувлар тинди,
Овозимиз сиғмайди арзга.
Сўроқ гапман ё ундов гапман,
Томиримда, кўнглимда титроқ.
Соғинчларга чўкиб кетяпман,
Чалинади сўнгги қўнғироқ...
Танаффуски жарангни пойлаб,
Сен ҳам бу кун кўзларингда ёш.
Икки қизнинг сочини бойлаб,
Завқ туюшни билган синфдош.
Юрагимнинг райҳонларисиз,
Ойюз қизлар, фаришта қизлар.
Лабларимда турибди унсиз,
Кўзингиздан томган юлдузлар.
Кўпаяди йиллар тугуни
Елкамизга ортиб қўйишга.
Фурсат топиш қийин бир куни
"Сиз яхшисиз, устоз!" -- дейишга.
Йиғлаяпман, жоним бир қултум,
Дил осилди киприкларимга.
Устоз, олинг, сизга гул тутдим,
Бу оламда ўхшайсиз кимга?
Шундай катта кенгликни ташлаб,
Aйтинг, дўстлар, қайга борамиз?
Оёғимиз, қўлимиз ушлаб,
Кетма, дейди синфхонамиз.
...Кечикамиз шошиб келгани,
Бошимиздан ёмғирлар оқмай.
Бўй беради "одоб" дегани,
Киролмаймиз эшикни қоқмай.
Бурчакларда юзин яшириб,
Хайрлашмоқда болалигимиз.
Чорлолмаймиз ширинлик бериб,
Олисларга термулиб, жиммиз.
Оғрийверар бир тола сочим
Ўрикларнинг шохида қолган.
Aсраблар қўй, мактабдаги чим,
Кўзмунчоғим сенда йўқолган.
Ёмғирларда соғинчнинг иси
Aйлантирар қуёш, ойларни.
Ўйнатиб юр, мактаб ҳовлиси,
Биз қолдирган болакайларни!
Сўроқ гапман... йўқ, ундов гапман!
Томиримда, кўнглимда титроқ.
Соғинчларга чўкиб кетяпман,
Чалинади сўнгги қўнғироқ.
© Наргиза ОДИНАЕВА
@Nargiza_Odinayeva_ijodi