***
Кеч ораси уйга кириб келган Дилдора яна тўпалоннинг устидан чиқди. Отаси маст эди. Оғзига келганни қайтармай, ҳали дом -дараксиз кетган болаларини, ҳали Зебони сийларди. Зебо ҳам бўш келай демас, эри билан теппа -тенг олишарди. Дилдора охирги пайтларда сезиб юрибди, жанжал бўлса ўғли икки қўли билан қулоқларини беркитиб овозсиз йиғлайди. Бугун ҳам бола бечоранинг ўтакаси ёрилмасин, деб тезгина хонасига олиб кириб кетди. Автобусда ухлаб келган Умиджон уйқуси чала бўлгани учунми, ё жанжаллардан қўрқибми, баралла овозда йиғлар, ора -орада: "Дадамга борамаааан,"-деб депсиниб қўярди.
Эрта тонгдан ҳовлидаги хазонларни супуриб кирган Дилдора кечаги киши айтган манзилга боришини ҳам бормаслигини ҳам билмай боши қотди. Кейин биринчи марта:
" Аллоҳга таваккал. Ўзи
қўлласин "-деб пичирлаб, беихтиёр юзига фотиҳа тортди.
Қидирган манзилини топиш қийин бўлмади, шундоқ кечаги мажмуанинг рўпарасида экан.
Ихлос билан ўнг оёғини босиб ичкарига кирди. Икки қаватли бино шинамгина эди. Асосан, аёл-қизларнинг овозлари эшитилиб турибди. Беихтиёр, гуррос кулгу овози келган хонага бош суқди. Умумий
қилиб:" Ассалому алайкум, яхшимисилар? "-деди. Иш столи устида бирининг қўлида қайчи, бошқасининг қўлида узунлик ўлчовчи мослама бўлган аёллар ҳар тарафдан алик олишди. Орасидан дўмбоққина рўмолли аёл ажралиб, унинг қошига келиб: " Келинг синглим, "-деди. Дилдора: " Иш излаб келувдим,-"деди негадир бошини эгиб. Аёл: "Улуғбек ака, айтган одам сизми? ,"-деди жилмайиб. Дилдора тез -тез бош силкиб" Ҳа, сиз Мағфират опами? "- деб сўради. Аёл кўзлари юмиб- очиб тасдиқлади. Кейин ишчиларга қараб:" Қизлар, чарчаманглар,
-деб Дилдорага юзланди -Қани юрингчи, "-деб иккинчи қаватга бошлади.
Дилдора бугуннинг ўзида иш бошлади. Мағфират опа жуда мулойим аёл экан, эринмай иш тартибини тушунтирди. Бу цех аёллар сумкаси тикиш учун мўлжалланган экан. Боя биринчи кирган хонаси -бичиш хонаси , ундан ташқари елимлаш хонаси, тикиш хонаси, шунингдек, аксесуарлар қадаш ва ёрлиқлар ёпиштириш хоналари мавжуд экан.
Мағфират опа самимий
оҳангда: "Менимча, ҳозирча ёрлиқларни ёпиштиришда ишлаганингиз маъқул, агар уқувингиз, қизиқишингиз бўлса, тикишни ҳам опаларингидан ўрганиб оласиз, қизларимиз жуда ажойиб, опа -сингилдек бўлиб кетасизлар"-деди.
Дилдора мана учинчи кун ишга отланяпти, энди ҳаётга ҳам қандайдир завқи ортган, ич-ичидан мамнунлик туяди. Фақат ўша кишига раҳмат айтолмади-да, лекин кечадан бери дуо қилади.
Бугун ҳаммалари биргаликда тушлик қилишаётган пайти (тушлик ишхона ҳисобидан экан) ҳамхонаси Нигора Мағфират опага юзланиб: " Опа, эрта -индин байрам, бу ҳайитда ҳам яна ҳайитлик пули бўлармикан, ўтган йили маза қилувдик-да, бошлиқ барака топсинла, "-деди. Ҳамма ишчилар ҳар томондан бошлиқни алқаб қолишди. Мағфират опа жилмайиб: "Албатта, яна Ҳожи дода ўзлари келиб дуо қилиб, табриклаб кетсалар керак. Айтганча, бу ҳайитда Қурбонлик гўшти учун ҳам рўйхатингларни берганман"-дейиши билан шодон қарсаклар янгради. Мағфират опа: " Лекин қизлар, яхши ишлашимиз керак, нариги цехнинг "обёми" биздан анча ошиб кетибди. Бошлиқ бугун биз томонга келиб қоладилар, шекилли , боя қўнғироқ қилгандилар, "-деди.
Ҳамма овқатланиб бўлиб, кўтаринки кайфиятда бир-бири билан ҳазиллашиб, иш жойларига тарқалишди.
Дилдора ҳам анча қўли келишиб, энди ишининг ҳажми орта бошлаган эди. У бош кўтармай ёрлиқларни чаққонлик билан ёпиштирарди .Шу пайт кимдир ёнига келганини сезди. "Анча ўрганиб қолдингизми, қийинмасми?" -деган таниш овоздан илкис бош кўтариб қаради. Қаршисида ўша,
манзил берган киши турарди.
Давоми бор
Реакция ва фикрларингиз илҳом беради, босиб ўтишни
унутманг
😊Маҳбуба Баҳодир қизи
https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi