Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Ижара
Унинг исми Сабура эди. Ўқитувчилари дафтарининг муқовасига ҳар гал исмини қизил ручка билан Собура қилиб тўғирлаб қўйишса ҳам, жимгина келаси сафар Сабура дея ёзаверарди. Инсонларга эътироз билдириш, ҳақлигини исботлаш унинг табиатига бегона эди.
Партадоши ҳам йўқ. Бир ўзи биринчи қаторнинг иккинчи партасида ўтиради. Деразанинг ёнида. Мактаб боғи шундоқ кўриниб туради. Баъзи баъзида синфдошлари "Сабура, деразани очиб юбор", " Сабура, деразани ёп" -деб хитоб қилишганини айтмаса, деярли ҳеч ким билан гаплашмайди. Ҳозир она тили дарси. Устози қандайдир кўчирма гаплар схемасини ёзиб тушунтириш билан овора. Тавба, она тилида схема нима қилади?! Схемани ҳам бир амаллар, аммо адабиёт қийнайди. Ғазал ёдлаш берилган.
Доим берилган шеърни ёдлаб келади, аммо ҳеч қачон айтиб бера олмайди. Индамай тураверади. Устози ҳам кўп қийнамай: "Ўтир..."- дейдию бошқа ўқувчига юзланади. Нима бўлганда ҳам, яхшиям шу мактаб бор. Дугоналари орзиқиб кутадиган таътилни ҳам, якшанбани ҳам у ёмон кўради.
***
Мирислом маҳалла оқсоқолининг хонасидан асабийлашиб чиқди. Югуриб эшик очишга чоғланган шофёрига " Имиллама" -деди ва сигарет қидириб ҳамма чўнтагига қўл солиб чиқди. Муддаосини англаган шофёр (умуман олганда, қўриқчи йигит) дарров сигарет тутқазиб олов ёқиб турди. Хумори тарқабми, сал ўзига келди. Пешонасидаги терни сидириб: "Дўконга! "-деди. Аброр хўжайинининг авзойини кўриб қайси дўконгалигини ҳам сўрашга журъат қилмади.Тўғри Чорсудаги энг катта дўкон -тошкентликлар "бутик" деб атайдиган манзилга қараб машинани елдириб кетди. Машинанинг қорайтирилган ойнаси ҳам юрагини сиқдими, Мирислом ойнани тушир ишорасини қилди. Дунёда тушунмайдиган одам кўп. Тўғри тушунтирди, "тўй қилаяпман, казо--казо одам келади, шу маҳаллани ўртасига тушган "общага дом"ни, икки кунгина ўраб турайлик одамлар иши бўлмаса санғимай уйида ўтириб турсин, деб. Ўзи умрида биринчи марта шу маҳалла оқсоқолини кўриб турибди. Уни эшитишни ҳам истамади.
" Ҳамма ҳам одам"
деб ваъз ўқиб, қанча вақтини олди. Охири куни кеча ўз ҳисобидан асфальт қилдирганини пеш қилишга мажбур бўлди. Шунда ҳам тилини
бермайди : " Озгина кутсангиз 3-семестрда режада бор эди, ўзингизнинг кўчангизни фақат уйингизгача борадиган қисмини қилибсиз, кўрдик "-дейди, кўрнамак. Бошимга ураманми, тўй ўтгандан кейин семестирингниям, асфалтингниям. Ўзи шу узоқдан, чет элдан келадиган , ҳамкорларини уйида меҳмон қилишини айтмаса, тўйни ҳам, ошни ҳам ўзининг ресторанида ўтказиб, ҳаммани кузатардику-я.Бир томондан Шоҳиста ҳам:" Келинсалом уйда бўлади, қудаларимиз казо -казолар бўлса, озмунча хотин келадими,уйга "-дейди. Ўйлаб яна асаби бузилди. Қани энди иложи бўлсаю, шу абгор" дом"ни таг -туги билан кўчириб олиб ташласа.
https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi