Давоми
***
Келганлар хақоратлаб, пўписа-ю, таҳдид қилиб кетди.
Уларнинг овозлари Дилдоранинг қулоғига кирмас, муздек сув олиб чиқиб лаблари кўкариб, дағ-дағ қалтираётган қайнонасининг оғзига тутар: "Жон ойижон, битта
ҳўпланг, "-дерди. Бўлмади, улар кетгач, Тез ёрдам чақирди. Қон босими ҳамда қанд касали безовта қилган экан. Муолажадан сўнг хиёл кўзини очган аёл шифтга қараб ётар, кўзларидан ёш сизиб турарди.
Қайнотаси аёлига ақалли
" тузукмисан " ҳам демади. Шошиб машинада қаёққадир чиқиб кетди. Қайнонасига чой дамлаб кирган эди, у Дилдорага қарамай, кўзларини шифтга тикканча, бўғиқ овозда сўзлай бошлади:
" Шуям бормиди, пешонамда, энди нима қиламан. Болам, бизни кечир, "- ўпкаси тўлиб, лабларини қаттиқ тишлаб турди-ю, ўкириб йиғлаб юборди.
Дилдора шундагина ҳодисанинг даҳшатини ҳис этди. У ҳалидан буён можоро қайнилари билан боғлиқ деб ўйлаб, қайнонасининг соғлиғидан бошқа нарсага у қадар аҳамият бермаган эди. Кўз ўнгига эрининг ҳиссиз қиёфаси, совуқ қарашлари келди. Ҳамма -ҳамма нарсани тушунди, лекин йиғламади. Тошдек қотиб қолди. Хаёлида энди нима қиламан, қаёққа бораман, кўз ёши тинмайдиган, хаста бу аёлни қандай ташлаб кетаман деган ўй чарх урарди. Ўйлаб қараса, бу оилада шу муштипардан бошқа боғлаб турувчи ришта ҳам суянчиғи ҳам йўқ экан.
Қайнотаси шитоб билан кириб келди ва беҳол ётган аёлига қўлини бигиз қилиб дўқ ура кетди : " Кўриб қўй, тарбиялаган болангнинг аҳволини, эл-юрт олдида бошимни эгди бу мараз, ифлос, саёқ. Хабар беришди, аллақачон тиқиб қўйишипти, арзандангни. Қиз йигирма ёш экан, заксдан ўтказиб, тўй қилиб номини оқлаб олиб кетсанг чиқади боланг, деб оёқ тираб туриб олган тоғаси. Отасиз ўсган экан, "-қайнотаси тупук сачратиб бақириб, бор аламини тўкарди.
Қараса қайнонаси оғзини каппа -каппа очиб, кўзлари олая бошлади. Дилдора токчадаги сувдан тутди. Қайнотаси совуқ қараб туриб, қўлини силтаб, сўкинганча чиқиб кетди.
https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi