Бебаҳо гавҳарим
Онам қариб борар... мен жим турибман.
(Гулжамол Асқарова)
Бу дунё ғафлат диёрими?! Қариганингизни, хориганингизни сезмай қолдимми, онам. Кечагина эмасмиди, ўктам овозингиз билан чақирганингизни қўшни дугонамникида туриб, эшитиб югурганларим.Бугун ўша талабчан оҳанглар ялинчоқ илтимосга айланибди. Шарақлаган кулгуларингизнинг ўрнини синиқ жилмайиш қачон эгаллаб улгурди!? Шундай бир ўткинчи, бевафо дунёдаги гавҳарим, онам, бугун таваллуд айёмингиз баҳона биринчи марта сизга улғайган нигоҳим билан назар солибман. Ҳамиша эркаликларимни кўтарган, "соғиндим бир кел" дейишга истиҳола қилган, қиз бола бировнинг ҳасми дея ҳеч нарса таъма қилмаган, мунисгинам, сиз борсиз--бахт мен билан, болалигим мен билан.
Болалик хотираларим энг ширин тушларимга ўхшайди-- унда отам бор, ёш, ғайратли онам бор. Эсингиздами, ёз кунлари уйимиз гўё оромгоҳдек болалар билан гавжум бўларди, барча шаҳарда турадиган қариндошларнинг болалари-ю, ҳатто турбатлик қариндошларнинг болалари ҳам бизникида бўларди. Барчасига бирдек ғамҳўрлик қилиб уларнинг уст -бошини ювиб, қарардингиз.Нон ёпсангиз ҳаммага алоҳида кулча ясардингиз. Сиз шу меҳрибонлигингиз туфайли ҳам ҳозирда улғайган ўша болаларнинг болалик хотираларидаги ширин энтикишларида борсиз. Буни эслаганим сабаби, яқинда бир тадбир баҳона узоқроқ қариндошлар жам бўлдик. У ерда йиғилган тенгдошларим болалигимизнинг маъсуд дамларини хотирлай туриб асосан, сиз ҳақингизда, сиз тайёрлаган лаззатли таомлар ҳақида завқ билан, бир -бирига навбат бермай таърифлашарди. Демак, инсонларга улашилган меҳр боқий экан.
Дунёда фақат оналаргина айтишга қодир бир ибора бор, сиз уни доим дуоларингиз сўнгида такрорлайсиз: "Орқамда қол...".
Онажоним, илоҳим ҳамиша ёнимда бор бўлинг, бахтимга узоқ умр кўринг. Ҳамиша ҳозиргидек фарзандлар ардоғида, эл эъзозида бўлинг. Соғинтирган кунларим учун кечиринг...
Маҳбуба Баҳодир қизи
https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi