View in Telegram
Акамга мактуб Отамизни маҳобатли тоғга қиёс этамиз, ака-укаларни эса тоғга елка тутиб унга янада салобат бахш этиб турган қирга қиёслагим келди. Шукур, Оллоҳим бир -биридан меҳр-оқибатли уч ака -укани тортиқ қилган. Отам раҳматли каби тез- тез ҳолимдан хабар олиб турувчи, энг керак пайтларда елка тутувчи жигарларимнинг борлиги ўзим доим ҳам илғайвермайдиган бахтим бўлса керак.    Ака... Балки бу сўз ўсмирлик ёшидаги қизлар тасаввурида тўсиқ, ҳадик бўлиб гавдаланар, аммо менинг болалигиму, ёшлигимнинг дилбар лаҳзаларини ёдимга солади. Жаҳонгир ака, сиз билан орамиз уч ёшгина фарқ қилгани учунми кўпроқ ёрқин болалик хотираларим сиз билан боғлиқ. Кун қисқарган қиш кунлари чана судраб синглисини мактабдан олиб келадиган, баҳорнинг илиқ кечларида ҳамма дугоналаримни ҳавасини келтириб велосипедда мактабдан олиб кетадиган акалар ҳали ҳам бормикан. Дарвоқе, институтга ҳам жамоат транспортида борганимни эслолмайман. Улғайиб қолган бўлсам ҳам машинангизда аввал мени ўқишга ташлаб кейин ўзингиз дарсга шошилардингизу, дарсим тугагач, йўл йўлакай музқаймоқ билан сийлаб, уйга олиб келардингиз.     Мактаб давримизда табиий ҳол кутилмаган ҳаражатлар чиқиб туради, ҳали дафтар, ҳали ручка уйда  қолиб кетган бўлади. Шунда дарҳол юқори қаватга кўтарилиб секин сиз ўқийдиган хонани тақиллатаман,( устозлар ҳам таниб қолган) дарҳол чиқасизу гап нимадалигин сўраб чўнтак кавлайсиз, гарчи отам раҳматли тушлик учун барчамизга бир хил пул берса ҳам сизда доим ортиқча пул бўлади. Балки шунинг учундир кейинчалик моҳир иқтисодчи бўлиб етишдингиз. Ўзи талаба бўлиб, кунлик ҳаражатларидан пул иқтисод қилиб синглисини 16 ёшга тўлишига тилла занжир совға қилган сиздай акам билан қанча фахрлансам оз. Ҳозир хотираларимни қоғозга тушираяпману яна ўша беғубор болалигимга қайтаётгандекман.  Сал қўрқинчли кино кўрсам ҳам ухлашга қўрқадиган одатим бор эди. Шунда аввал ҳазиллашиб кино воқеаларини эслатиб қўрқитардингиз -у, кейин ухлаб қолгунимча хонамда ўтириб кейин  ўз хонангизга чиқиб кетишингизни эсласам ҳали ҳамон меҳрингизни туйгандек бўламан. Шу кунларда эронлик созанда билан ўзбекистонлик созанданинг  торда ижро этган дует куйини эшитиб қолдим, беихтиёр сизни хотирладим. Болалигимда сиз чаладиган рубоб оҳанглари эшитилгандек бўлдию,куйни сизга жўнатдим ва болалигимни эслатганини айтдим. Шу куни анча кеч бўлиб қолган бўлишига қарамай ўша куйни фарзандингиз Жаъфархўжа билан чалиб жўнатдингиз. Мен бу куйни қайта- қайта сел бўлиб эшитдим ва хаёлимда болалик кўчаларида сайр қилдим. Энг қувноқ болалик учун, хотиржам ёшлик учун, меҳр -оқибатга йўғрилган ушбу кунлар учун  Оллоҳимга беҳисоб шукроналар айтаман, сизга эса, РАҲМАТ дейман, акажоним. Бахтимга бор бўлинг! Маҳбуба Баҳодир қизи. https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily