Давоми
5#
***
Моҳидил ўқувчиси Малика билан ҳафтасига икки марта, дарсдан сўнг шуғулланади. Фан олимпиадаси, нафақат, ўқувчи ,балки ўқитувчи учун ҳам қайсидир маънода синов, имтиҳон. Бугун ҳам Маликани чақиришга чақирди-ю, аммо у билан ишлайдиган кайфиятда эмас эди.
Эри кетганига уч кун бўлди, ҳали иш топмабди. Буёқда рўзғорнинг ғори ҳам кўнгли каби ҳувиллаб қолди.
Маликага тест тутқазди-ю, хаёллари яна олис -олисларга, маъсуд дамларига етаклаб кетди. Уйлари маҳалладаги бошқа пастқам уйлар орасида қишлоқ мактабининг биносига ўхшаб савлат тўкиб турарди. Шу катта уйнинг биринчи қавати ертўла эди. Ертўла ҳам нақ дўконнинг омборидек эди. Ҳамма нарса қоплаб: гуруч, шакар, ун, флягада ёғ, ўша пайтлар тақчил бўлган
"тущёнка", қуйилтирилган сутлар каробкаси билан турарди. Эҳҳе, қаҳратон қишда ҳам бу ердан яшик-яшик сарҳил олмалар-у, қамишга боғлаб илиб қўйилган
" бўрикалла" қовунлар ва данаги қора тарвузлар узилмасди. Отаси рўзғорни шунчалик бадастир қилиб қўярдики, онасининг бирор марта озиқ -овқат дўконига кирганини эслолмайди.
У келин бўлиб тушган хонадонда уч қиз
кетма -кет турмушга чиқиб, рўзғор косиблик қиладиган қайнотасининг кунлик тушуми ва қайнонасининг унда -бунда кўрпа, кўрпача қавиган пулларининг орқасидан ҳаминқадар ўтиб турар экан. Озод қишлоқдан туман марказига қатновчи Дамас да ҳайдовчилик қиларди.
Моҳидил янги келинлик завқи билан турли -туман пишириқлар пишириб маҳоратини намойиш қиламан деб енг шимарса, нарса пишириш учун ҳам масаллиқ керак экан. Бир -икки марта рўйхат ёзиб эрининг қўлига тутқазса, "борини қилавер" деган гапни эшитиб, шашти тушиб, нонуштага бир пиёла шакар ва тандирда ёпилган икки дона нонни қўйиш билан чекланди. Қайнона -қайнотасига ҳам осон эмас экан. Ҳали у қайнопаси туғса, ҳали буниси суннат тўй қилади. Топган- тутганлари тоғора -тоғора овқат -у, сарпо -суруғ билан тугарди.
Бир куни секин, юмшоққина қилиб эрига отаси билан ишлаш ҳақида сўз очган эди. Эри: "Оч қоляпсанми, боримга ҳам йўғимга ҳам кўнасан, менга сенинг отанг ва акаларингнинг сариқ чақаси ҳам керак эмас, яна шу ҳақида гап очсанг, яхшилик кутма"-деб шунчалик важоҳат билан ўшқирдики,бу таҳдид Моҳидилнинг қулоқлари остида бир умр сақланиб қолди.
У уйга кириб борганида кун шомдан ўтганига қарамай, қозон осилмаган эди. Қайнонаси бешикдаги Содиқжонни тебратиб, хаёл суриб ўтирибди. Салом бериб, кийимларини алмаштириб чиқди. Овқатга уннай деса, картошка -пиёз ҳам тугаган экан. Доим овқат қилиб қўядиган қайнонасининг нега индамай ўтирганини тушунди. Қараса озгина пахта ёғ билан ярим халтача ундан бошқа ҳеч вақо қолмабди.
Ўйлаб -ўйлаб, бир пайтлар бувиси уйларига меҳмон бўлиб келганида, қишнинг чилласида атала қилишни ўргатгани ёдига тушди. Дарров газни ёқиб, идишдаги ёғдан бир чўмичгина солиб, ярим пиёла унни қизиган қозонга солди-да, чаққон ҳаракат қилиб аралаштирди, ун қизаргач, қозонни ковлай туриб кам -камдан сув солиб, мўлжалга етгач, туз солиб қайнашини кутди. Овқат бироз қайнагунча, дастурхоннинг устини артиб, пиёлаларни келтирди, йўл -йўлакай дўкондан олиб келган буханка нонини қўйди. Қайнонаси бошини эгиб ўйчан ўтирибди. Дастурхонга тортилган таомни кўриб, беш ёшли қизи Дилноза ажабланиб:
-Бу қанақа овқат, ойи, -деди
Моҳидил нон кесар экан:
-Бунинг номи -атала. Қишда ичиш керак, илигинг бақувват бўлади, -деди жилмайиб, сўнг қайнонасига қараб, -олинг, ойижон, -деди.
Дилноза:
-Илик нима?-деди нон тишлаб.
-Овқат пайтида кўп гапирмайди, ол тез ичиб қўй ,-деб, ўзи ҳам қошиқни оғзига олиб борди.
Бувиси ўргатган аталага майда тўғраб қўй ёғи, қўй гўшти солинган эди, аммо бу ҳам тотли чиқибди. Қайнонаси бирдан эсига тушиб:
-Одил ҳам кела қолса эди, аталани иситса ўзидек бўлмайди-да, иссиғида ичарди, -деб пиёласини узатди.
Моҳидил эса шу топда, нима овқат қилса ҳам ҳали татиб кўрмасданоқ, таомнинг мақтовини ўринлатадиган Озодни ўйлаб кетди.
Реакция эсдан чиқмасин-а
😊https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi