View in Telegram
*** Дилдора тезроқ бу ердан кетиши кераклигини тушунди. Югуриб хонасига кирди. Шошилиб кийинди, паспортини олиб, қайнонаси ётган уйга кирди ва оёқ томонига ўтирди. Оҳиста гап бошлади : "Ойижон, энди мен бора қолай,-ўзи кутмаган ҳолда йиғлаб юборди, бурнини тортиб давом этди- Сиз дунёдаги энг меҳрибон онасиз, худди бир умр сиз билан яшаётгандекман. Тўғриси, ўғлингизнинг эътиборсизлигини ҳам унчалик ўйламасдим, сизнинг меҳрингиз ҳамма -ҳаммасини қопларди. Сизни соғинаман. Ўзингизни эҳтиёт қилинг," - деб, кўз ёшлари тинмаётган аёлни қучоқлади. Ҳолсиз ётган аёл илкис туриб ўтирди : " Ҳеч қаёққа кетмайсан, энди қизимни топдим деганимда -қаттиқ бағрига босиб - жооон болам, сабр қилиб тур, Худо бир йўл кўрсатар "-деб, худди ҳозир кетиб қоладигандек уни маҳкам қучоқлаб олганди. Дилдора яна тоби қочиб қолмасин деб, бошини силкиб " хўп" ишорасини қилиб, авайлаб жойига ёткизди. Ўзи эса краватнинг оёқ томонига бемажол бош қўйиб ўтирди. Ярим кечада икки аёл бедор эдилар, иккиси ҳам тақдирнинг кутилмаган зарбасидан ожиз, ҳа ҳақиқий ожиза эдилар. Бир пайт қайнонаси хўрсиниб гап бошлади: "Ухламияпсанми, болам... Ўн саккиз ёшимда шу хонадонга кириб келдим. Ёш эдим, ғўр эдим. Қайнонамнинг бир оғиз ширин сўзига зор бўлиб яшадим. Эрим четга қатнар, мева ташийдиган машина ҳайдарди. Уйга бир ойда бир, икки ойда бир келарди. Келмаса қани эди деб турардим. Бир умр ҳақорат ва туҳматга қолиб яшадим. Бирор қариндошимни тўйига бормапман, жигарларимникига тўй ҳашамда бориб, бир чеккада қимтиниб ўтирсам ҳам, келганимдан кейин қиёмат бўларди. Йўқ ердаги туҳматлар билан сийларди. Болалар бирор айб иш қилса, сен бузгансан деб маломат қиларди... Ҳеч қачон, ҳеч нарсада ҳуқуқим йўқ эди, ҳатто сени келин қилаётганимда қани эди, келинни менам бир кўрсам, менам аёл бўлиб совчилик гаштини сурсам, деб ўйлагандим. Аллоҳим меҳрибон, сўраганимдан зиёдасини берди, - Дилдоранинг қўлларини пайпаслаб силади аёл. Кейин давом этди, -" От юрган йўлларни тойлар босади", деганлари ҳақ экан. Отаси болаларим бўй етганда шундай гап- сўзга қўйиб, қишлоққа шарманда қилган эди. Ҳеч ким қиз бермади, болам ўттизга чиққунча, "-қайнонаси жим бўлиб қолди. Дилдора секин унинг устини ўраб қўйди ва шу хонада ўтириб, тонггача ич -ичидан тўкилиб йиғлади. Тонг ёриша бошлаганида, аёлнинг юзидан оҳиста ўпиб, нарсаларини олиб, орзу умидлари кўмилган бу даргоҳни тарк этди... Давоми бор Реакция ва фикрларингиз илҳом беради, босиб ўтишни унутманг! https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily