***
Мирислом қуда тарафдан келган молларни кўриб шошиб қолди. Ўзи ҳамма хоналар,тўй олди таъмирланиб, янги жиҳозланган бўлса, шунча нарса қаерга сиғар экан. Бир гуруҳ махсус фирма кийимида нарсаларни жойлаштириш билан овора эркагу аёлларни кўриб, демак, шунақа фирмалар ҳам бор эканда, деб ҳайратда эди. Шоҳистанинг эса оғзи қулоғида. Қуда тарафдан мол ёйгани келган аёллар олдида қўлини кўксига қўйиб: "Дадажониси, кириб иссиққина шўрва ичиб олинг"-деса, Мирислом ичида шу менинг аёлимми деб, лаб -лунжини йиғиштиролмай қолди.
Бу молёяр деганлари ҳам тўйдек гап экан. Бугун уйи хотинининг қариндошлари билан гавжум бўлди. Келган ҳамманинг қўлида телефон. Суратга олиб чарчамадилар. Меҳмонлар сийраклашгач қизиқиш устунлик қилиб секин уйга кириб кутилмаган манзарадан лол бўлиб қолди. У уйни жиҳозладик деб юрган экан, жиҳозлаш мана бундай бўлибти. Нақ музей... Қандилнинг ўзига қараб боши айланиб кетди. Ҳаа... Бўлғуси қудаси бу мансабда бекор ўтирмаган экан. Қойил...
https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi