Давоми
***
Туғруқхонадан дабдаба билан чиқаётган, чақалоғини турмуш ўртоғига тутқазиб, ўзи бир қучоқ гулни қучиб, гулдек яшнаб турган келинчакларга ҳавас билан боқиб, бироз хаяллаб қолган Дилдора онасининг "тезроқ юр" дейишидан ўзига келиб, боласини бағрига босганча одимлади. Шу уч кун мобайнида оила катта бахт эканлигини англади. Ёш оталар гўдакларига ҳали таглик, ҳали бўтқа ташиган, аёлларига тинимсиз қўнғироқ қилиб, гўдагининг расмини юборишини сўраган. Ўша лаҳзаларда Дилдора беозоргина ухлаб ётган ўғлига термулиб:
" жажжигинам, гарчи ,отангнинг қувончи бўлмасанг ҳам, сен дунёга мен учун умид бўлиб келдинг, бор умидим сендан, Умиджоним ўзимнинг, " -деб ўз -ўзига далда берарди.
Маҳаллага кираверишда- кўчанинг бошида турган хотинларни кўрган Зебо рулдаги ўғлига қараб : "Тезроқ ҳайда, бу бекорчиларга гап топилади, энди" -деди. Дилдоранинг қадди баттар букилиб, ўпкаси тўлди.
Ёзнинг жазирама кунлари. Умиджонни ухлатиб, кечки овқатга уннаётган Дилдора отаси билан баланд овозда гаплашаётган онасининг овозини эшитиб, улар ўтирган уйга хавотирли нигоҳ ташлаб қўйди.
Бироз ўтиб онаси қандайдир мамнун қиёфада чиқиб келди ва қизига сўз қотди. " Ана, ҳеч нарса жазосиз қолмайди, бизларни куйдириб, ўтга тиқувди. Оиланг билан қирилиб қолгурла. Қайнонанг ўлворибди" -деди. Дилдора онасига тикилиб туриб, изиллаб йиғлаб юборди. Зебо анграйиб қолди. Хонасига югуриб кириб кетган қизининг ортидан лабини буриб "жинними" деб кўксига туфлади.
Дилдора онасидан эшитган хабардан карахт ҳолатда уйнинг у бурчагидан бу бурчагига бориб келар, кўз ёши тинмасди. Кейин ухлаб ётган ўғлига кўзи тушиб, болани қўлига олиб қаттиқ бағрига босди : "Бувижонингдан айрилиб қолибмизку болам, қандоқ бувинг бор эди-я, мунисгинам-а, сени бир кўрсатмоқчи эдим-ку," -пичирлаб йиғлади. Тўй оқшомида қўлларини баланд кўтариб, кўзда ёши билан ўйнаётган қайнонаси кўз ўнгидан ўтиб , ўпкасини босолмай қолди.
https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi