***
Бир пайтлар мардикорликка чиқиб ,қайтишаётганда Пўлат Сардорга ҳазил аралаш: "Курсдош бўларканмиз-да"-деганида фаришталар " Амин" деган экан.
Пўлат ўқишга кирганининг қувончини бугун ҳис қилди. Кеча холаси кеч ораси эри билан келиб, бир яхши одам контрактини тўлаб бераётганини айтиб, анчагина пул ташлаб кетишди. Бироз ўтириб суҳбатлашишди, кам -кўстини сўрашди. Сабура ошхонадалигида Фотима овозини пастлатиб: "Пўлат, Сабурани кичик холам неварасига сўраяпти, яхши оила, синашта, ўзимизники. Неварасиниям танийман, гулдай ҳунари бор, заргар", - деди. Пўлат ҳайрон бўлиб қолди. Сабура ҳали кичкина қизку, у синглисини улғайганини ҳеч сезмаган экан. Бироз, довдираб, оғзига тикилиб турган холасига қараб: "Хола, синглим жудаям ёш -ку, энди мактабни битирди, ўқишга бу йил кира олмаган бўлса, келаси йил, албатта, киради. Ўзим тайёрлайман." Мухтор уларнинг суҳбатини бўлмади.
Фотима: " Боламей, қиз боланинг бозори бир бўлади, яхши жой чиқдими узатиш керак, мен ҳам онанг турмушга чиқаётган маҳал ўқийман деб оёқ тираб туриб олгандим, пешонамда йўқ экан, шунча йил уриниб ҳам кира олмадим. Сизлар ажабтовур бўлиб қолгандингиз мен турмуш қурган пайтим, "-деб зимдан Мухторга қараб қўйди.Ҳалидан бери индамай ўтирган Мухтор энди гапга аралашди: " Пўлат, холанг мени кутган, аслида "-қўшилишиб кулдилар. Фотимага бу ҳазил хуш ёқди. Кейин яна Пўлатга қараб давом давом этди:" Ҳамма нарсани ўзимиз қиламиз дейишяпти, шароитингларни билади. Таъма қилмайди. Мен Сабура билан секин гаплашиб кўраман. Менимча, кўнади у онангга ўхшайди кўнувчан қиз. "
Меҳмонларни кузатиб кирган Пўлатнинг анчагача уйқуси қочди...
Куз билимлар фаслига ўхшайди. Автоуловлар, кўча -куй талаба-ю ўқувчилар билан тўла. Пўлат ўқишдан чиқди. Эрталаб Сабура соябон олинг деганида олмаганига ўкинди. Ёмғир шаррос ёғарди. Кузнинг илк ёмғири. Атрофни ёқимли ис тутган. Амаллаб бекатга етиб олди. Автобус келишини кутиб турганди. Машина устма -уст сигнал бера бошлади. Овоз келган томонга қараб, Сардорнинг машинасини, уни имлаб чақираётган Сардорни кўрди. Чаққонлик билан уловга чиқиб олди.
Сардор машина ҳайдашни анча яхши уддалар экан. Йўлдан кўзини узмай Пўлатга: "Сизни қидирсам кетиб қолди дейишди, барибир битта маҳаллага борамизку ака, унақа қилманг. Бирга гаплашиб кетганга нима етсин,"-деди.
Йўл -йўлакай турли мавзуларда маза қилиб суҳбатлашиб келишди. Манзилга яқинлашиб қолганларида Пўлат: " Сардор, мен яхши иш топишим керак, кечки сменада бўлса ҳам, синфдошингни турмушга бераяпмиз," -деди.
Сардорнинг ҳуши бошидан учди, гўё. Пўлат билан қандай хайрлашганини билмайди. Машинадан тушиб, шаррос ёғаётган ёмғирга кўксини тутди.
Кўз ёшлари ёмғирга қўшилиб кетди.
Давоми бор.
Унутманг, реакция ва фикрларингиз илҳом беради.
https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi