Инсоннинг қадри
Узоқ қиш туни. Машҳура ўғилчасининг қув -қув йўталидан уйғониб, пайпаслаб боласининг пешонасини ушлади, чўғдай. Юраги тез уриб бир лаҳза нима қилишини билмай қолди. Дори берай деса, ухлаяпти, бермай деса чуқур чуқур нафас олишини кўриб ваҳима босаяпти . Эртага тонг отса докторга олиб боради, бўлди, ишидан гап эшитса эшитар.
Тонг саҳарлаб қайнонасига: "Бирга докторга бориб келайлик"-деб, илтимос қилди. Хаёли барибир ишида эди, агар ўғлини касалхонада олиб қолишса, қайнонаси билан бирга қолдирмоқчи эди. Қайнонаси эса босиқлик билан:
" Болажоним, жудаям мазам йўқ, ўғлим билан бориб кела қолинг, "-деди-ю, тахир дори ичди чоғи, юзини буриштирди. Машҳура эса азбаройи жаҳли чиққанидан
" нима бўлди ? " дея ҳол сўрамасдан , эрига ҳам ортиқча гапирмай, болани олиб касалхонага отланди.
Шифокор обдон текшириб,ётиб даволаниш кераклигини,баланд иситма билан уйда даволаш хавфли эканлигини айтиб,касаллик варақасини тўлдиришни бошлади.Машҳура бирдан бўшашиб қолди, мактабдагиларга нима дейди,чорак охири бўлса.Туриб -туриб яна қайнонасидан ранжиди,гўё болани улар касал қилгандай ичида пичирлаб ўтирди.
Улар жойлашган хонада ёши 55-60лар атрофида ўзига яхшигина зеб берган барваста аёл 2 ёшлар чамасидаги болани тиззасига олиб, биргалашиб телефонда нимадир кўришарди.Машҳуранинг саломига кўзойнак остидан бир қараб "ваалей"деб, қўйди.
Машҳура нарсаларини жойлаётганида ҳам ўзини бир жуфт кўз зимдан кузатиб турганини сезар,унга сайин ўзини ноқулай ҳис қиларди.Нарсаларини жойлаб бўлиши билан, Диёрбекка осма укол улашди,ўғли йиғлаб-йиғлаб кўниб қолди.Ўғилчасини оёқ томонига ўтириб энди ишхонасига қўнғироқ қилишга чоғланган эди ҳам, ҳамхонасининг телефони жиринглади.Машҳура кейинроқ қиларман деб,телефонини чўнтагига солди.Ҳамхонаси чамаси қизи билан гаплашарди.
--Ҳа,Гўзал яхшимисан?Касалхонадамиз яна,ўзим олиб ётибман,ҳа у лаллайган келинойингга ишониб бўладими болани,ўзини эпласин олдин.
Ушбу суҳбатни эшитмасликнинг ,ўғилчасини ташлаб чиқиб кетишнинг иложи йўқ.Аёл борган сари бақириб гапирарди
--Вой,минг марта айтдим,маска тақинг, болага яқинлашманг,деб.Мана охири хонамизга кирвуриб юқтирди,одам ҳам шунча бўш бўладими гапирсанг кўзини ёшини оқизиб туради,индамай.Эй,
Азизбек, ғингшима, жим ёт, набирасига бир ўқрайиб гапида давом этди, --- шу ердан чиқволай қўлини теккиздирмайман болага,ўзим қарайман. Ўзи айланиб келиб,"Азизбек бугун биз билан ухласин "дейди, кошки болага тузук қараса тош қотиб ухласа боланинг усти очиқ қолади биламанку уни.
Машҳура бу суҳбат тезроқ тугашини истарди.
Кечки овқат маҳали бир столда ўтириб таом тановвул қилдилар, суҳбат давомида ҳамхонасининг исми Дилбар эканини, набирасини ўн йилда кўрганини,келинининг ношуд, ландовурлигини-ю, шамоллаб, болага касалини юқтирганини жимгина эшитиб ўтирди.Таомланиб бўлгач, ҳамма идишларни ювиб, Дилбар опани идишларини қўлига тутқазганида,опа идишларни кўздан кечириб :
--Ишқилиб,тоза чайдингизми,майли жойига қўя қолинг, -деди.
Машҳура арзимаган иши учун ҳам дуо қилиб қўядиган қайнонасини эслади.
Кечга бориб шеригининг боласини иссиғи чиқди. Болажон"ойи,ойи"деб ғингшиб йиғларди.Шу орада Дилбар опанинг қувватлаш учун қўйган телефони жиринглади, Машҳура олиб бераман деб кўзи тушди"Келин". Қайнонаси ўзининг исмини"Машҳура қизим"деб сақлагани бир зум хаёлидан ўтди.Хаёлларини Дилбар опанинг баланд овози бузди.
--Сизга неча марта айтдим, келманг деб,ўзи зўрға тузатяпман болани,келиб баттар касал қилиб кетасизми?Чучвара қилган бўлсангиз додажонингизга сузиб беринг, бизга овқат керакмас,сиз уйдагиларга, додажонга яхши қаранг, бўпти.
Телефон қўнғироғидан кейин бола баттар йиғлади ойисини сўраб,охири набирасига телефон бериб тинчитди-да,яна келинини ношудликда айблаб кетди.Бу аёл ҳар сафар арзимас нарсалар билан келинини айблаганда Машҳура ўзининг қайнонасини,унинг кўп йиллик устозлик тажрибаси ўлароқ насиҳатомуз суҳбатини соғинарди.
https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi