View in Telegram
ТОПИЛМАС  БОЙЛИГИМ  (Отажоним Баҳодир Собитнинг ёрқин хотирасига бағишланади) Болалик ва бахт мен учун гўё эгизак тушунча. Балки болалигим бахтиёр, маъсуд дамларга бой бўлгани учунми, ёки ,,бахтли болалик " каби иборалар қулоғимга кўп чалингани учундир. Дарҳақиқат, инсон ҳаётининг энг беғубор лаҳзаси болалик--бағри бутунлик.    Бугун бир зум ўша беғубор дамларга сайр қилгим келди. Болаликдаги энг ёрқин хотираларим эса отажоним, қалби қуёшдек сахий падари бузрукворим билан боғлиқ.(Оллоҳим раҳматига олсин )      Эсимни танибманки отам, исмимни тўлиқ Маҳбубахон деб атардилар. Бирор иш буюрсалар ҳам фақт илтимос  оҳангида бўлиб , бажариб бўлганимдан сўнг эса анча алқаб дуо қилардилар.      Гарчи жуда банд инсон бўлиб, ишдан ҳориб келсалар ҳам дарс қилмай пойлаб ўтирганимни кўриб астойдил ёрдамлашар, яна ,,аълочи қизим ", дея эркалаб ҳам қўярдилар. Мен эса дарс қилиш учунмас, балки мана шу меҳр тўла нигоҳлари-ю, илиқ кафтлари билан бошимни силашлари учун кутган бўлсам керак, аслида.     Уйимизга йўқлаб келган  дугоналарим саломига меҳр  билан алик олиб, албатта, шеър ўқиб берардилар , ХУШЗАБОНИМ.   Гарчи катта тадбиркор, эл эъзозидаги одам бўлсаларда , машина бошқараётиб  кимдир қўл кўтариб сўрашмоқчи бўлса, машинани тўхтатиб       ҳол - аҳвол сўраб табассум билан алик олиб, самимият улашардилар.      Отам билан машинада булоқ сувини олгани борардик. Бир сафар қайтаётганимизда менга нотаниш йўлдан ҳайдадилар уловни ва мени машинада қолдириб, дарвозаси ёнида ўриндиқда ўтирган ёшгина , рангпар, озғин кишига қараб юрдилар ва билдимки , унга ҳаётбахш илиқ фикрлар билдириб, хайрлашаётиб қўлини маҳкам сиқиб қўйдилар. У одам ҳам нимтабассум билан қўлини силкиб бизни кузатиб қолди. Табийки ,, Ада, бу ким?"-дедим. ,,Ўқувчим, болам, Оллоҳ шифо берсин "-дедилар тушкун овозда. Бир неча кун ўтиб ўша одамнинг жанозасига бориб, кўзлари қизариб келганларини кўрдим. Одамларга имкон қадар меҳр улашишга ҳаракат қилган -МЕҲРИ УММОНИМ.      Уйимизда мўжазгина кутубхонамиз бўлар эди. Бир куни шаҳар  марказидаги китоб дўконига кирсак, ҳайхотдек дўконда сотувчидан бошқа ҳеч ким йўқ, харидорсиз ҳувиллаб ётибди. Отам ўзлари бош бўлиб энг сара асарларни тўплашга киришдик. Сотувчи ҳайрон ,бирор китобни қидиришаяпти деб ўйлади чоғи: ,,Олмасанглар  яна  тахлаб қўйинглар "-деб сўз қотади ўтирган кўйи пештахталар ора мўралаб. Биз эса терлаб- пишиб, китоб саралаймиз.   Ниҳоят, бир уюм китобларни олдига сотувчини ўзини бошлаб келдик. У ҳайрон бўлиб, ҳисоблашга киришди ва иккиланиб  анча катта миқдордаги  суммани айтди. Отам раҳмат дея мамнун қиёфада пул узатдилар. Машинага китобларни жойлаб,охирги тўпламларни олгани кирганимизда бизга қараб: ,,Китоб сотасизларми?"-деди.Отам жилмайиб: ,,Йўғ-е,болалар ўқийди"-дедилар. Сотувчи ишониб, ишонмай  хайрлашди.Биз эса китобларни қучоқлаб, катта хазинага эга бўлгандек машинага ўтирдик. Йўлда кетаётиб отам ўзига ўзи гапиргандай афсус оҳангида :,, Китоблар жуда арзон,бунинг устига олувчи ҳам йўқ ",-дея хўрсиниб қўйдилар. Менинг бола кўнглим эса арзон бўлса нега севинмайдилар дерди. Энди ўйлаб қарасам, отамнинг жуда кўп шоир ёзувчи дўстлари бўлиб,  уларнинг ҳаминқадар яшашидан хабардор  эканлар-у, халқнинг китоб сотиб олмаётганидан изтироб чеккан эканлар, МАЪРИФАТПАРВАРИМ Баъзида отам билан онам баравар иш буюриб қолсалар, табиийки отамга қарасам, ,, Аввал онангни айтганини бажариб кел”, -дердилар. Мушоҳада қилиб кўрсам ,отам Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини ҳаётга татбиқ этар эканлар, ИЙМОНЛИГИМ.     Хотираларни қоғозга туширар эканман, отажонимнинг қуёшдек нурли, самимий табассум безаб турган чеҳраларини кўргандек бўламан, илиқ кафтлари ўша болалик давримдаги каби бошимни силагандек бўлади. Охиратингиз обод, жойингиз жаннатларда бўлсин, ТОПИЛМАС БОЙЛИГИМ! Маҳбуба Баҳодир қизи https://t.center/Mahbuba_Bahodir_qizi
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily