View in Telegram
​​Кетаётган йўналишингиз тезлигингиздан муҳим. Атрофимда кўпчилик “ҳеч қаерга” жуда тез ҳаракатланмоқда, бир қарасанг официантлик қилади, бир қарасанг қурилиш ишларига кетади ёки овқат пиширади. Менда эса аксинча, қуйида батафсил ёзаман... Аввалги жойимда 5 ой ишладим, балиқ билан ишлашга қўлим анча келишиб қолганди. Тўсатдан Ситора касалхонага тушиб, 2 кун(!) ишга чиқолмаганим учун тушунмовчилик бўлди, ўрнимга одам олишибди, кетишдан бошқа илож қолмади. Иш қидирдим, орада Ўзбекистонга бориб келдим, яна иш қидирдим, бир ҳафта тўлиқ ишсиз қолдим. Ситоранинг лағмон егиси келиб, “Урумчи” уйғур ошхонасига йўлимиз тушганди, чиқмаган жондан умид, кассада тўлов қилаётиб улардан ҳам иш сўрадим. Ишонсангиз, пиёз, қизил-яшил булғор қалампир тўғратиб кўришди. Синови шу бўлди. Балиқхонада бу ишни анча пухта ўзлаштиргандим, сабзавот тўғраш дам олишдай гап эди. Тез ва ингичка тўғролганим учун ишга олишди, лекин... Бир ҳафта уйда қолиб, 4-5 та иш топгандим, ойлиги камлиги учун кўнглим ғаш эди. Уйғур ошхонаси ҳам худди шундай, кам ойлик таклиф қилишди. Раҳбарлар яхши, жамоа кўнглимдагидайлиги ва ишсиз юриш жонимга теккани учун рози бўлдим. Бир кун ишладим. Уйғур ошпазлар, официантлар, раҳбарлар... 70-80 фоизи олий маълумотли, камига Истанбулдаги энг зўр мадрасаларда диний таълим ҳам олишган, бўш вақтида Қуръон қироат қилиб ўтирадиган зиёли ака-укалар экан. “Ота-онам, хеш-ақраболарим зиндонда, юртимга қайтсам, мениям шундай “жазо” кутяпти. Туркияда шунча пайт ўқидим, энди ишлаш керак, давлат ишига барибир олмайди, ресторандан яхшиси йўқ, ойлигинг вақтида, қорнинг тўқ, муҳими ишим бор, қолгани аҳамиятсиз”, дейишганида бир жойларим жизиллаб кетди... Шу куни ишдан қайтиб, эрталабгача деярли уйқу бўлмади. Сабзавот тўғраааб ўтиравераманми энди, 5-6 ой деганда балиқнинг “тили”га анча тушуниб қолгандим, лағмонни ҳам шундай нолдан ўрганаманми, балиқни эсимдан чиқариб... Бўлмайди, “раз” бошидан балиқда ишлаб, тажриба тўпладимми, уни мукаммал ўрганишим керак. Яхши ҳақ эвазига! Аввалги ишхонамга ҳам смс ёздим чорасизликдан. Йўқ айбимга иқрор бўлдим, мендан ўтди, узр дедим, қайта ишга олинглар, тавба қилдим, дедим, маоши яхшигина баланд эди чунки, (бу вазиятда ғурур бир чеккада сигарет чекиб ўтиришга маҳкум бўларкан!), жавоб ёзишмади, хабаримни ўчириб ташладим... Интернетдан “Анқарадаги энг яхши балиқ пишириладиган жойлар” деб қидирсам, жуда кўп вариантлар чиқди. Орасидан уйга нисбатан яқин, алкоголи йўқ оилавий ресторанларни ажратдим. Ҳозирги иш жойим “Балиқчи Доған”га телефон қилиб иш сўрасам, “эълон берганмиз, балиқчи уста керак, келинг гаплашамиз” деса бўладими! Бордик, гаплашдик, кўнглимдагидай жой, жамоа, иш, осон эмас, лекин ойлиги яхши, муҳими шу... Уйғур ошхонасига вазиятни тушунтириб, бир кунлик иш ҳақимни олдим-да, балиқхонага кетдим. 3 кун зўр ишлаб бердим, ўзим тушунган, 5 ой умримни сарфлаган соҳа, ўзлаштиришим ҳам қийин бўлмади, кейин... Маҳди туғилди. Ситора дўхтирхонадан чиққунича ёнида бўлишим керак эди, бошлиққа ҳолатни тушунтириб, 3 кун ишга чиқмадим. Тўртинчи кун ҳамма ишларимни битириб, ишга бораман десам “ишга келиб ўтирма, сен билан ишлашни хоҳламайман, 3 кундан бери йўқсан!”, деб турибди-да... Жаҳлим чиқди. Бўпти, яна иш қидирарканман деб турганимда 3-4 соатдан сўнг ўзлари телефон қилиб, “Агар энди иш қолдирмайман, муаммосиз ишлайман десанг ишингни давом этишинг мумкин”, деб чақиришди. Ишга қайтдим, бир-икки кун бошлиқ қовоғини солиб юрди-да, кейин муомаласи изига тушиб кетди, ҳозир яна аввалгидай ака-ука бўлиб ишлаб юрибмиз 😅 P.s. Ҳа, Анқарада инсон қадри йўқ, ишга вақтида бориб, ҳар қандай вазиятда ҳам жойингизда турсангизгина яхшисиз буларга. Сал муаммо қилдингизми, сиз билан хайрлашишади. Кўча тўла одам, ўрнингизга бошқа ишчи топиш муаммо эмас. Анқарага ишга бораман, деб ёзаётганлар бор эди, шундай ҳолатларга ҳам тайёр туришни унутманг! @Ijoddardi
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily