Қийналяпсанми, демак тўғри йўлдасан!
Бугун бу фикрга яна бир карра амин бўлдим.
Зеро, осон бўлади, деб ҳеч ким ваъда бермаганди, ўзи ҳамма нарсани бўйнимизга олиб, Анқарага чиқиб кетгандик...
Тошкентга келиб, китобларни тарқатишга тушиб кетдим,
метронинг ҳидини соғинибман, ҳам чиройли хотираларим бор у билан боғлиқ, жияним билан бекатма-бекат роса шаҳар айландик.
“Yaqiin express” раҳбари, университетда танишган акам Бегзод ака келганимдан хабар топибди, кўришамиз деб қолди.
Мени ўзи топиб олди, офисига бордик, иш қизғин, Хитойдан, Туркиядан келган юклар, самимий, ўзлигини йўқотмаган жамоа...
Китобларни Ўзбекистон бўйлаб етказиш муаммо бўлаётганди, бизда етказиб бериш жуда қиммат.
Шу масалага Бегзод ака ечим берди, энди ишимиз анча осонлашади, Худо хоҳласа.
Суҳбат давомида ўзининг ҳаётидан кейслар айтиб берди.
Ўйланиб, бироз сиқилиб юргандим, яна бир кутилмаган жойдан ёруғлик юборди Худо. Энди анча “зарядланганман”, Ўзига шукр!
Танишлар Ўзбекистонда ёз бўлиб кетди, деганига енгилроқ кийиниб келган эканман, Бегзод ака машинасида манзилимга тушириб кетди, қор аралаш ёмғир ёғарди. Лой ва сув кўчада қунишиб кетаётсам, орқамдан машинани қайтариб келиб, сигнал чалиб тўхтади-да,
бош кийимини ойнадан узатиб, “Буни кийиб олинг, ҳаммаси яхши бўлади!” деганча кетди. Бир муддат нима бўлганини тушунмай қолдим
😅
Укам Хитойда, мен Туркияда, иккаламиз учун ҳам йўл-йўриқлар кўрсатди.
Қил(ол)ишимиз мумкин бўлган ишлар ҳақида ғоялар берди, хуллас, эринмасдан иш қизғин пайтида вақтини ажратди менга. Аллоҳ рози бўлсин!
Бош кийимни бўлса, Анқарага олиб кетаман ва асраб қўяман.
Ҳозирги совуқда бу билан бошимни эҳтиёт қилсам, эртага “соғлом бош” билан жуда катта ишлар қиламиз, Худо хоҳласа. Ўшанда бу бош кийим кибрга берилмаслигим учун сабаб бўлиб, кимлигимни эслатиб туради
😁
Ўзига шукр, илоҳим, лойиқ қилсин,
билдирилган ишончни оқлаш насиб этсин, юзимиз ва йўлимиз ёруғ бўлиб, шундай яхши инсонларга яқинлаштираверсин Аллоҳим. Ишоняпман, ҳали ҳаммаси яхши бўлади, қийналяпмизми, демак тўғри йўлдамиз, зеро, осон бўлади деб ҳеч ким ваъда бермаган!
P.s. Ҳозир йўлдаман, қишлоққа қайтяпман. Йўллар қор, ёмғир, яхмалак, совуқ. “Заправка”ларда газ йўқ, 1 ярим соатдан зиёд қолиб кетдик, ҳалиям кутяпмиз. Йўлда километрлаб чўзилган навбатлар бор. Нархлар ҳам ошгандай назаримда, яшаш сал қийинлашибди, ҳали батафсил ёзаман, нега келганим, нега бундай деяётганим ҳақида, насиб. Унгача мени “ватан хоини”га чиқармай туринглар фақат😂
@Ijoddardi