Чойчи амаки, салатчи хола ва официант бува ҳақида
Ресторанда чойчи амаки бор эди. Зренияси пастроқ, кўзойнак тақарди.
Ўғли талаба, нафақаси етмагани учун қўшимча у ёқда ҳам ишларди. Хотини бор-йўқлигини билмас эканман очиғи...
Салатчи хола, у ҳам нафақада, ишга янги келганди.
Умри давомида бунақа иш қилмагани билинарди опанинг, ҳар куни камида 2-3 ерини пичоқ кесиб кетарди.
Тажрибасизлиги учун “абла”га нисбатан кам ҳақ тўлашарди.
Кўпроқ маош олиш илинжида эрталаб вақтли келиб, ҳаммадан кеч уйга қайтарди. Тозалик ишларида фаррошларга ёрдам берарди...
У ҳам нафақада эди. Аввал нима иш қилганини билмайман,
ёлғиз боши билан бир қиз катта қилибди, хўжайини ҳақида гапирмасди, ташлаб кетганми, вафот этганми, менга қоронғи.
Хуллас, у қиз ҳам ўқишга кирган,
фарзандининг таълим харажатлари учун қора меҳнатда эди, университетни битириши билан кетаман бу ерлардан деб юрарди...
Официант бува. Уни мижозлар жуда яхши кўрарди.
Доим энг кўп чой-чақани шу инсон оларди. Лекин ошхонадагиларнинг эрмаги эди бечора, қаттиқ ҳазиллашишарди, ҳатто устидан кулишарди, уришишарди...
Қари эмасми, буюртмаларни кўп чалкаштирарди,
1-столнинг овқатини 2-столга элтарди, битта балиқни 2 та деб ёзиб юборарди. Тишини тишига қўйиб, сабр қилиб юрарди...
Билсам, буванинг кампири ҳам қаердадир фаррош бўлиб ишларкан.
Ўғли ҳам бошқа ресторанда официант, унинг хотини йўқ, ташлаб кетганми, вафот этганми, ишқилиб бир қизи бор, ота билан қолган. Набираси, яъни ўша якка қиз Туркиядаги энг рейтинги баланд университетлардан бири - “ODTÜ”да ўқиркан.
Хуллас, бутун оила аъзолари ягона мақсад атрофида бирлашган. Биринчи ишлаган жойимдаги
Сотилмиш бува тақдири қанчалик таъсирлантирган бўлса,
иккинчи ишлаган ресторанимдаги бу уч ҚАҲРАМОН шунчалик эътиборим марказида эди.
Чойчи амаки ва салатчи опа
аввал давлат ишида ишлагани, турклар тилида “memur” бўлгани билан фарзанди учун шунақа иш қиларди. Официант бува эса қариган чоғида, ҳатто бутун оиласи билан талаба қизга имконият яратиш пайида эди...
Қизиғи, 5-6 ой шу жойда ишлаган бўлсам, бирортасининг талаба боласи/набираси уларнинг ёнига келмади ёки мен кўрмаганман.
Улар доим фан билан машғул, бўш вақти бўлса, катта эҳтимол билан талабалик гаштини суриб юришарди...
Ҳозир ўқишга борамизку, тўғриси, университетдаги талабаларга ҳавас қиламан.
Бир-иккита чиқиб қолмаса, аксариятининг хаёлида ишлаш йўқ, луғатида унақа сўз бўлмайди умуман.
Ётоқхона муаммосиз, стипендияни харажатларини қоплашга етказса бўлади,
бошқа “форс-мажор” ҳолатларга эса ота-она, бобо-буви “бетон” бўлиб туриб беради!
Истар-истамас хаёл ўзимнинг талабалигимга, ҳозир университетда таълим олаётган, ўқишдан кейин ярим кечагача ишлаб юрган яқинларим, танишларимга кетади. Қизиқ,
бизда дарсдан сўнг ишламайдиган, стипендияга бемалол яшайдиган, турар-жойи муаммосиз, олтин даврнинг гаштини маза қилиб суриб юрган талабалар, йигитлар қолдимикан?!
P.s. Сурат архивдан, Маҳди энди туғилган пайтлар, айни ўша уч қаҳрамон бўлган иккинчи иш жойимдан эсдалик.
Бари ортда қолди, алҳамдулиллаҳ!
@Ijoddardi