#Хаёлимдаликлар
Дадамга уйга қайтмайман деганимни 2-3 киши танқид қилиб ёзибди, нега бунча норозисан дейишибди, фикрларим пессимист, нотўғри йўлда эканман...
Ҳа, ҳали бери қайтиш ниятимиз йўқ,
орада соғинчни бостириш учун уйга бориб турамиз, албатта, лекин бутунлайга эмас!
Ҳозир иложини қилиб Туркияга муқим ўрнашиш йўлларини қидиряпман,
тил ўрганиб, Европа томонларга кетиш ният ҳам йўқ эмас, лекин ҳар ерда тош-тарози бор, иккиланяпман бунга...
Туркиянинг инсонлари яхши,
соғлик суғуртангиз бўлса, тиббий хизматлар мутлақо бепул ва сифатли, таълим тизими ҳам қониқарли. Энг муҳими, мусулмон давлат!
Масалан, ўғлимиз шу ерда туғилди,
аёлимнинг суғуртаси борлиги учун бир тийн сарфламадик, касалхонада 5 маҳал овқат, фақат ўзимиз учун ҳамма шароити бор алоҳида палата, хушмуомала шифокорлар... 3 кун ётдик, бари давлат ҳисобидан, “Teşekkür ederiz” дея чиқиб кетдик!
Иложини қилолсам, бу ерда бирор иш бошлаб,
ҳаётимизни яхшилаб йўлга қўйиб, ота-онамни ҳам олиб келмоқчиман ҳали, улар ҳам биринчи марта яшаяпти, бир марта яшашади, стрессларсиз, яхши яшашга ҳақлари борку!
Мени
Ватан хоинига чиқармай туринг, нега бундай деётганимни тушунтириб бераман:
Ўзбекистонда 12-15 миллион сўм атрофида ойлик олардим, 2-3 ерда ишлардим чунки.
Лекин ойликлар кечикиши, квартиралар қимматлиги ҳисобига пул зарур бўлиб 4-5 та банкдан кредит олиб ташлагандим...
Анқарага келганимизга 10 ойдан ошди,
эээнди дадамнинг ёрдами билан ҳамма кредитларни тўлиқ тўлаб бўлдик, Алҳамдулиллаҳ, қутулганимга шукр!
Қолаверса, 2-3 та хусусий ва давлат ташкилотларида
10 миллионга яқин пулларим қолиб кетган, қиёматда битта-битта сўраб оламан ҳали, бировнинг ҳақидан қўрқмайди биздагилар. Ёлғон, иккиюзламачиликку айни пик нуқтада, балки мен шундайларга дуч келгандирман, билмадим...
Туркияда эса, тўғри, иш оғир, иш соати кўп, лекин
ойлигингни вақтида оласан, ЎЗ ҲАҚИНГни олиш учун бошлиқ ёнига қайта-қайта кириб сарғаймайсан, минг истиҳола билан вазиятингни тушунтирмайсан, бошқа ишга ўтсанг, ойлигингни бермасдан нағма қилишмайди ва ҳоказо. Раҳбар билан уришиб қолиб ишдан кетганларнинг ҳам орқасидан маошини жўнатишганини кўрдим масалан, унинг ҳақи керакмас менга, дейишади, респект!
Қолаверса, ҳафтада бир кун изн, дам олиш кунингни одамга ўхшаб ўтказасан,
оиланг билан ўрмонга, кўлга, денгизга борасан, ҳордиқ учун ҳамма шароит бор, ҳеч ким адашиб ҳам безовта қилиб қўймайди...
Ўзбекистонда ҳам соат 9 дан кечки 10-11 гача ишлардим барибир,
ишдаги стресс бир ён бўлса, кечикаётган ойлигинг, кредитлар стреси бошқа томондан еб битирарди...
Квартира масаласику, алоҳида мавзу.
Янги оилалигимда Тошкентга қайтиб, бошпана қидирсам, ҳаммаси ёш боланг бўлса киритмайман уйимга, деганди. Бу ерда эса акси, уй эгаси имкони борича ёрдам қилади, чақалоғинг бор деб чегирмалар қиладимией, ҳол-аҳвол сўраб турадимией, инсонийлиги бор хуллас!
Балки кейинчалик фикримиз ўзгариб қолар, билмадим, лекин айни пайтда қарорим қатъий,
қаерда ўзимни комфорт ҳис қилиб, эҳтиёжларимни ўйланмасдан қондира олсам, ўша жойда каръерам бошланади, бахтли ҳаёт кечираман. Қолгани эса Ўзига таваккал...
@Ijoddardi