Хорижда, қариндош-уруғлардан узоқда, устига-устак, ишда ўтказаётган илк янги йилим, бизнинг илк янги йилимиз...
Кўпчилик йил сарҳисоби қилаётган бир пайтда мен кунига
неча соат ухлаётганимни, ишдан нечада чиқсам, уйга вақтлироқ бориб, кўпроқ дам олволишимни ҳисоблаб юрибман.
Одатда, камида 3-4 кун олдин Тошкентдан вилоятга қайтардим. 30-31 декабрь кунлари шашликни ниманинг гўштидан пиширишни ўйлаб, бошим қотиб юрарди.
Қизиғи, шашлик барибир 1 январда пишириларди. Чунки меҳмондорчиликдан, кўча санғишдан ортмасдим...
Байрам кайфиятику, “паталог” эди.
Камида 2 та ишхонам «премия» ташларди, ойлик тушарди, совға-саломлар бериларди, яқинларинг давраси...
Бу ерда байрам йўқ, янги йил нишонланмас экан.
Бугун ҳам одатдагидай иш куни, 1 январь ҳам иш. Шукуҳ умуман сезилмайди. Туркларнинг ҳаётига умуман беш кетмадим, ҳали бу ҳақда алоҳида ёзаман...
Аввал кўп уйдан узоқда юрардиму лекин
ҳар доим янги йилни оила даврасида кутганман. Яхшиям, Ситора ёнимда, бўлмаса аллақачон қайтиб кетган бўлардим...
Мен ўтаётган йилни сарҳисоб қилмайман, буни ёзсам,
бошқа чала постларимдай бу ҳам ааанча кечикишига тўғри келади.
2023 йилдан мамнунлигимни билдирмоқчиман, холос.
Кун ёришиб келаётган бир пайтда ишга шошилганча алғов-далғов, пала-партиш фикрларимни қоралаб кетяпман.
Жуда кўп орзуларимни Худо шу йилда ушалтирди.
Хоҳишларимни афсусланмайдиган даражада гўзал қилиб амалга оширди. Алҳамдулиллаҳ!
Уйландим,
«чёрный-белый» ҳаётим турфа ранглар билан бойиди, кунларимга мазмун кирди, янги режалар, мақсадлар пайдо бўлди.
Йилни саёҳат билан бошладим,
Ситора билан илк сафаримиз Қозоғистонга бўлди. У турк тилидан имтиҳон топширди, натижаси зўр чиқди...
Қозоғистонда олган сертификати
Туркияда магистратура ўқиш учун трамплин вазифасини ўтади, Анқарага келдик. Мана, 3 ойдан ошдики, Туркия пойтахтида «журиппиз», эээйп! : )
Кеча иш роса кўп бўлди. Бугун ҳам «портлаши» тахмин қилиняпти.
Бақир-чақир, ур-йиқит, югур-югурлар байрам кайфиятини ҳам ўлдирвораркан!
Муҳими,
ишим бор, янги ҳунар ўрганяпман, иш қидириб юрганлар, пулсиз юрганлар қанча. Муҳими,
Ситора ёнимда, қолгани «чепуха»
😅
Ҳаётимизда янги саҳифа очилган.
Бу саҳифаларни сермазмун ҳикоялар билан тўлдириб, умр «китоб»имизни маъноли ёзиш ҳаракатидамиз. Шундай эзгу мақсадлар бор экан, қийинчиликлар кўзга кўринмайди.
Биз байрамни эртага нишонлаймиз, дам оламан, агар рухсат ололсам. Бугун вақтлироқ ишдан чиқсам ҳам байрам қилаверамиз. Сизлар эса
биз учун ҳам байрам қилинг, дуо қилинг...
Янги йилда кўп янги ишларга старт бермоқчимиз, қўллаб-қувватласангиз, миннатдор бўламиз...
P.s. Янги йилингиз билан, 2024 муборак!
@Ijoddardi