Икки киши бўлиб бошлаган йилимизни уч кишилашиб якунладик. Бизга жуда кўп нарсани ўргатди бу йил...
• Оиладаги ҳаловат
умримизга, ризқимизга қанчалик барака олиб келишини қайта-қайта англадик...
• Талабалик йилларимни жуда кўп қўмсадим.
Маза қилиб ўқимаганимга, ўрганмаганимга афсусландим ҳам...
• Топган пулимизнинг қанчалиги эмас
қанчалик баракали ва ҳалоллиги муҳимлигини тушундик...
• Фарзандли бўлгач, ҳалол-ҳаромга жиддийроқ эътиборли бўлдим,
Ситора оналик меҳрини, мен оталик масъулиятини ҳис этдим бу йил...
• Бировнинг ҳақига ҳеч қанақасига хиёнат қилиб бўлмаслигини,
ишчининг пешана тери қуримасдан маошини бериш кераклигини англатди Туркия...
• Бу йил деярли қарз олмабман.
Ўзи ёмон кўрардим, лекин мажбур қарз олардим Ўзбекистонда. Шукр, қарзсиз бахтли яшаш ҳаловатини ҳис этдик бу йил...
• Насиб, Маҳди ўқишга кирса,
талабаликда умуман ишлатмасликни, у улғайгунича максимал шароит яратишим кераклигини англадим, керак бўлса ҳозирдан орттириб, йиғиниб боришни режа қиляпман...
• Аввал айфонсиз СММ имконсиз деб юрардим. Ишлаган ерларимдаги раҳбарларимга айфон олсаккина ишимиз зўр бўлади, дердим.
Адашибман, оддий телефон билан ҳам жуда кўп нарсаларни эпласа бўларкан, муҳими фойдали, манфаатли ва ҳалол меҳнат қилиш...
• Оилавий бирор ресторанга овқатланишга вақтлироқ бориш кераклигини тушундим.
Агар ташрифимиз ошхона иш вақтининг тугаш арафасига тўғри келадиган бўлса, емакни интернетдан буюртма бериб қўя қоламан. Ишлаганимда, тозалик битиб, уйга кетамиз деб турган жойимизда келадиган хўрандаларни кўришга кўзим, отишга ўқим бўлмасди...
• Қизим бўлса, таълимидан ташқари
пишириқ, тикиш-бичиш, ҳамширалик ва бошқа ҳунарларни ўргатишим эртага ўзи учун қанчалар фойдалилигини англадим. Аёлимнинг ота-онасидан жуда кўп маротаба миннатдор бўлдим бу учун...
• Фарзандларимга ҳеч қандай мажбурият юкламасликка,
турли юклар билан улғайтирмасликка қарор қилдим. Албатта, ўз ҳолига ташлаб, кунингни қандай кўрсанг кўравер, менга индамасанг бўлди, демайман. Шароит яратиб, гўзал тарбия қилсак, ўзларидан орттириб нима қилсаям бош устига, қилмаса ҳам...
• Ҳа, ўғлим Маҳди,
эсон-омон туғилиб, соғ-саломат улғаяётганинг билан олдимиздаги барча қарзингни узиб бўлгансан. Биз сендан ҳеч нарса кутмаймиз, ўқи, ўрган, ривожлан, бахтли яша. Ёрдам керакми, тортинмасдан сўра, ич-этингни еб-юрма, бор-йўғимиз сизларники...
• Бола мисоли ғордир. Бўм-бўш. Уни қарғаб, сўкиб, сиқиб, чегаралаб, эътибор кутиб бўлмайди. Ғорга
сен ҳеч нарсага ярамайсан, турган-битганинг зарар дея бақириб, “Ота, она, сизларни яхши кўраман!” деган садо кутманг!
• Диплом унчалик муҳим эмас,
давлат иши бўлмаса, бошқа касб-ҳунар билан ё ресторанда, уйда туриб ҳам яшасанг, ҳатто анчагина бахтли яшасанг бўларкан, ҳаракат қилиб турсанг бўлгани...
• Байрам қилмасанг ҳам янги йил кириб келаверади. Масалан,
ўтган йили ҳам айтарли нишонламаганмиз бу кунни, кеча дастурхон ҳам безамадик, музлаткич тўла, ҳамма нарсамиз бор, гўштсиз таом емаяпмизми, ҳар кунимиз байрамдир!
Янги йил муборак, бугун умр ҳисобимизга туширилган 365 кунни мазмунли, манфаатли, бахту қувончга тўлдириб ўтказайлик илоҳим. Ҳаётимизнинг янги бир даври, саргузаштли саҳифаси остонасидамиз. Алҳамдулиллаҳ...
@Ijoddardi