Сотилмиш
Исми шунақа. Ишга илк келган кезларим ошпазлар Сотилмишга айт, барбун балиғини берворсин, деб жўнатишса,
“Дайи, барбун билан Сотилмишни бераркансан, уста айтди”, деганман. Сотилмиш менинг исмим, деб тушунтиролмай хуноб бўлганди. Сотилмиш бирор балиқнинг номи деб ўйлаганман-да
😅
Хуллас, бу одам ертўлада ишлайди. Ишчиларга тушлик овқат пиширади, маржумак шўрва, балиқ шўрва, булғур палови ва бошқа зирвакларни ҳозирлайди...
Умрага бориб келгани эсига тушиб қолган пайтлари
соатлаб панд-насиҳат қилади, эринмасдан диний билимлар беришга уринади.
Зерикса, учраган одамни ёнига олиб, дардини айтиб кетади.
Хотини ташлаб кетган, сабабини билмайди, болалари Арқарада яшаса ҳам хабар олмайди, уйида мушук боқади, жуда кўп. Кампирини 2 йилча кутган, кейин ўзининг ҳам инсонлиги, чап кўксида кўнгил борлигини англаб етиб,
у “gerizekali”дан умидини узган, ҳозир ҳеч кимдан ҳеч нарса умид қилмайди...
Бутун ишхонадагиларнинг эрмаги у. Ҳеч кимга қаттиқ гапирмайди, иш буюрмайди, фақат чой сўрайди,
“бир дона чой жўнатвороласанми?”, дейди фақат, вассалом!
Яқин олиб юборган одамлар билан дилдан суҳбат қилиб,
менга ўзбек хотин топиб бермайсанми, “кайнананг гйўзальми?”, дейди. Кўнгли учун хўп деб кетасиз. Бироздан кейин ўзи олдингизга келиб,
“боя ҳазиллашгандим, тағин эртага бирор аёлни етаклаб келма менга, керакмас, ҳаммаси бир гўр!”, деб кетади. Худди унга бировнинг кўзи учиб тургандай...
😅
25 йилдан бери шу ишда, гоҳида
кеча келган ишчилар билан ойлигим бир хил, алам қилади одамга, менинг йўқотган йилларим, тажрибамчи, деб сиқилиб қолади. Ишламасанг, оч қоласан, ҳаёт ҳам, иш ҳам адолатсиз, деб куюниб гапиради. Лекин бефойда, буни ўзиям мендан яхши билса керак...
Ўзбеклар билан 10-15 йилдан бери ишлайди. Баъзан ўзбекча салом бериб, яхшимисан, десангиз,
“Кеча чарчамадингми, яхши дам олдингми, нима зарил сенга, ётмайсанми уйда!” деб жавоб беради. Ўзбеклар ўргатиб ташлаган
😁
Ишонаверинг,
у айтадиган ўзбекча сўкишларни 25 йил Ўзбекистонда яшаб, ҳатто мен эшитмаганман. Асаби бузилса, аввал огоҳлантиради, кейин уйингизни Учқўрғондан кўрсатиб, ўзбек халқ сўкишлари билан сийлайди
😂
Сотилмиш дайининг ёши 65 дан ошган. Тунов кун қўли қалтираб, пичоқни туширворди, оёғига кирар-кирмас тилиб кетди. Ўткир тиғ учи билан тушди-да.
2-3 кун чўлоқланиб юрди бечора. Роса раҳмим келганди...
Қаричилик, гоҳо ишга кеч келади,
бирор юмушни вақтида қилолмаган, эсидан чиқарган пайтлар бўлади, ўлмич гап эшитади. Кулиб тураверади...
Ҳозир анча қимматга мўйнали куртка олган, ҳамманинг ҳаваси, хасади келиб юрибди унга. Ўзбеклар
“кампирларнинг ажали” деб ном қўйиб олган...
Ёлғизлик ёмон, айниқса, қариганингда. Умри узоқ бўлсин, фарзандларига инсоф берсин, илоҳим.
Ҳеч кимга, айниқса, Сотилмишдай кўнгли тоза, яхши инсонларга бундай қаришни раво кўрмайман...
11 февраль,
2024 йил
@Ijoddardi