#грузиядаликлар
Бошида Грузияга кетмоқчи бўлдик, билетларни қараб юрдик анча пайт, тур-фирмалар билан қизиқдик.
Бир фирма билан келишиб, рўйхатдан ўтдик ҳатто. Лекин одам йиғилмагани учун тур кечиктирилди, кейин уларга ишончимиз йўқолиб, бекор қилдик...
Грузия ўзбеклари телеграм гуруҳларини топдик, маслаҳат сўрадик.
Ким бўлса, бормаслигимизни, чегарадан ўтказмаётгани ва билетимиз куйиши, сарсон бўлишимизни айтишди.
“WWW” деган контакт астойдил маслаҳат берди, йўл-йўриқ кўрсатди.
Биз билан доимий алоқада бўлиб, батафсил маълумот айтиб турди.
11 декабрда йўлга чиқдик.
Олдимизда Грузия чегарасигача 15 соатлик йўл турарди. Шунча юрганга яраша бизни ўтказишлари даргумон. Юракни ҳовучлаб сафарга отландик.
“WWW” ака
чегарадан ўтиш бўйича “тавсия”лар бериб, алоқада бўлиб туришимизни тайинлади.
Чегара. Юк ва турли-туман халталар кўтарган одамлар, савдогарлар галаси. Паспорт контролга турнақатор навбатдан ўтиб бордик.
Грузин полиси ҳужжатимни узоқ текширди ва мени орқага қайтишимни сўради. Ситорани ҳам ортимдан жўнатишди.
Олдин
формали бир киши келди, паспорт контролдаги одамдан ҳужжатларимизни олди. Текшириш асносида бизга русча-туркча аралаш шундай саволлар берди:
“Қаердан келиб, қаерга кетяпсизлар?”, “Туркияда бирор муаммойинг борми, қочиб кетяпсанми?”, “Ҳозир саёҳат мавсуми эмас, Батумида сен қиладиган иш ҳам йўқ, мақсадинг нима, жиноят қилгани келяпсанми?”, “Қайтиш билетинг борми, қачон орқага қайтасан?”, “Борадиган жойинг тайинми, меҳмонхона брон қилган бўлсанг шартномангни кўрсат” ва ҳоказо.
Жавоб берганимиздан сўнг кетди. Яна бирини бошлаб келди.
У бизни расмга тушириб, қаергадир жўнатди. Интерполдан жавоб келишини кутамиз, деди. Яна кетишди.
Бироздан сўнг учта бўлиб келишди. Ҳеч қандай муаммойимиз йўқ, ҳаммаси жойида.
Уларга Туркиядаги Ситоранинг ўқиши, ҳужжатларимиз, паспорт орқасидаги визаларни кўрсатдик. Учаласи бир нималарни муҳокама қилиб, паспорт контролдаги кишига ўтказиб юбор дегандай ишора қилди.
15 соат йўл босиб, ҳамма жойга жар солиб,
чегарадан ўтолмай қайтиб кетамиз, деб ўйлагандик. Чегарани кесиб ўтган пайтдаги кайфиятимизни эса таърифлаб беролмайман!
Батуми чегарага анча яқин экан. Бир зумда етиб бориб, “WWW” акага хабар бердик.
Меҳмонхона брон қилингани, кутиб турсак, қора “малибу”да келиб, олиб кетишини айтди. Ҳайрон бўлдик, ким ўзи бу киши, “малибу” нима қиляпти бу ерда?
“Ўзбек чеҳрасини 1000 метр наридан ҳам биттада танийман, хуш келдинглар!”, деб
Умид ака келди. Шаҳарни айлантириб, меҳмонхонага олиб борди. Жойлаштирди. Саёҳатга қаерларга боришимиз мумкинлиги ҳақида рўйхат тузиб берди.
Бугун кимдир кимдирга беминнат яхшилик қилишига ишонмай қўйганимга анча бўлганди. Ҳамма ҳаракатнинг ортида манфаат бор, деб ўйлардим. Айниқса, мусофирчиликда! Бу ака ҳам ҳали ҳисоб-китоб қилади,
“сиздан 1000$” демасмикан ишқилиб, савдолашмадимда... деб қўрқиб тургандим
😁
Йўқ, адашибмиз.
“Ватандошларимга ёрдамим тегса хурсанд бўламан”, деди-да, “Хон хоним”нинг бошлиғи экани, бир кун олдин Грузияда ресторан очганини айтиб, бизни таклиф қилди...
Кечгача айландик.
Денгиз ҳавосига, шаҳарга, чекмайдиган, очиқ-сочиқ кийинмайдиган, маданиятли, дангал одамларга тўйиб-тўйиб қараб олдик. Ўзимизнинг мантига ўхшаш хинкали деган миллий таомини еб кўрдик ва ҳоказо.
Эртаси кун тезгина бошқа ишларни битириб, яна бироз шаҳар айлангандай бўлиб, “Хон хоним”га бордик. Тўйиб овқатландик.
Ака билан анча суҳбатлашдик. Саволларимизга эринмай ҳижжалаб жавоб берди.
Кетиш вақтимиз бўлди. Умид ака Анқарада балиқ пиширганим учун
йўл-йўлакай балиқ бозорини кўрсатиб, портлар ёни билан манзилимизга элтиб қўйди.
Айтганча, Умид ака журналист акам Беҳзод Қобуловнинг дўсти экан, Беҳзод ака билан гаплашишга ҳам улгурдик орада...
Батумида ўзбеклар бўлиши хаёлимизга ҳам келмаганди.
Чегарадан ўтсак бўлди, «Али ва Нино»ни кўриб қайтамиз, деб келган одамлар эдик. Хурсанд бўлдик, Аллоҳ рози бўлсин!
Бир дунё таассуротлар билан орқага қайтдик. Тўғри,
“Али ва Нино” кутганимиздай бўлиб чиқмади, анча кичкина экан, лекин хафа эмасмиз. Чунки кутганимиздан-да зиёда хотиралар қолди Грузиядан!
P.s. Фейсбук ва Инстаграмда видео ҳам бор!
@Ijoddardi