Бу йилги сарҳисобим, хулосаларни кейин ёзаман. Фикрлар ҳаммада ҳар хил бўлиши мумкин, худди ҳаёт йўлларимиз, мақсадларимиз турлича бўлгани каби...
Нумон ака билан ўзи яқин эдик, кейин у киши ҳам уйланиб, оилавий борди-келдини йўлга
қўйдик, муносабатларимизни янада мустаҳкамладик. Бу энг тўғри, ҳаётимизда алоҳида ўрни бор қарор эди...
Улар билан оилавий
Сафранболу, Амасра саёҳатига бордик, таассуротларни таърифлаб беролмайман...
Грузияга чиқиш-кириш
қилганимиз бефойда, қўшимча 3 ой виза бермаслиги аниқ бўлди. “Тупик”ка кириб қолгандим
худди. Кейин фавқулодда Ўзбекистонга ҳам бориб
келдим. Туркиядаги ҳужжат масаласи бўйича анча-мунча тажриба тўплаб олдик...
Уйга бориб келгач, иш қидирдим.
Аёлим билан ресторанма ресторан юриб, эр-хотин роса сарсон бўлгандик. Ўшанда “нон олиб келиш” билан “нон топиб келиш”нинг фарқини жуда чуқур ҳис қилганман...
Пулга қийналдик.
Ўзбекистонда бир икки хусусий собиқ ишхоналаримга, раҳбарларимга ҳақимни беришини, ярмини бўлса ҳам беришини сўраб ёздим. Ололмадим. Табиий, бу бизда одатий ҳол афсуски...
Маҳди
туғилди. Тайёргарлик кўришга улгурмаганмиз.
Янги ишга кирганимга энди 3 кун бўлганди. 2 кун балиқхонага боролмадим. Ишга келиб ўтирма, ўрнингга бошқа одам олдик дейишди. Депрессия...
Ситора касалхонадан чиқиши билан ишга кетдим.
Янги чақалоқ билан уйда ёлғиз қолди. Мен саҳардан ярим кечагача балиқхонада бўлардим. Ойлиги кам, ҳадеганда етавермасди. Кейин Худо йўлимизни очиб, яхшиларни юбориб
бошлади...
Ишдан бўшадим.
Уйда овқат пишириб, китоб ишимизни ривожлантириб, онлайн соҳаларга диққат қаратишга жуда катта таваккал
қилдик. Умуман афсусланмайман!
Оиламга кўпроқ вақт ажрата бошладим.
Каналдаги контентларга маъно, янги орзу-мақсадлар, ҳаётимизга эса ранг қўшила
бошлади.
Миямдаги стереотиплар, менталитет қобиқларини
бир-бир синдира бошладим, меҳрибон ота, эътиборли эр бўлишга ҳаракат қилиб
бошладим...
Орада аям ва бибим
келишди. Улар билан Анқарани ўзимиз учун ҳам қайта кашф этдик,
умримизда биринчи марта Истанбулга бордик, тажрибасизлигимиз учун гўллик қилиб у ёқда ҳам анча стресс яшадик афсуски. Уйдагиларни кўнглимдагидек
жўнатолмадим...
Аёлимга блог
очдик, гарчи фаол юритишга вақти бўлмаса ҳам, янги пост қўйишга имкон тополмаса ҳам,
ҳарҳолда ўйлаганимдан кўра анча сифатли юритиб бошлади канални...
Укамга блог
очдик, энди унинг ҳам
яхши-ёмон кунларини тарихга муҳрлаб борадиган майдони, кузатувчилари бор!
Ҳа, 2024 йилнинг энг эсда қоларли воқеалари шу бўлибди.
Ўйлашингиз мумкин, “янги уй олдик”, “машина олдик”, “дунёнинг фалон давлатларига саёҳат қилдик” деган гаплар қани?
Бизнинг орзулар рўйхатимизда булар умуман
йўқ эди. Қолаверса,
хорижга бой бўлиш учун эмас, шунчаки бахтли ҳаётимизни қуриш учун келганмиз. Озми-кўпми, буни уддалаяпмиз. Алҳамдулиллаҳ!
@Ijoddardi