#Kok_teragimКўк терагим
7—қисм
Кечқурун китобни варақлаб кўрдим. Ҳеч қачон бадиий асар ўқимаганим учун аввалига шунчаки кўз югуртириб чиқа бошладим. Қандайдир қурилиш, сочилган пуллар, қоғоз варонкадан асфальт йўлга тўкилиб, думалаган лимонлар, "Бувим ўлдила",-деган гапдан эсанкираб қолган йигит...
Ўшанда Ўткир Ҳошимов табиийлик билан, чиройли тасвирлар билан мени китобнинг ичига олиб кириб кетган эди.
У ёғи тезлашиб кетди. Умрида китоб ўқимаган қизини кўриб хайрон эди дадам ҳам.
Ишларимни бажариб бўлишим билан китобга ёпишаман. Бошимни кўтаролмайман, кўзимни узолмайман. Қозонга овқат соляпману, қўлимда китоб.
—Аҳмад акам чой сўрадилар.
Орқамга ўгирилсам, Замон ака турибди. Яхна чой тайёрлаб қўйгандим.
Музлаткичдан олиб узатдим. Кейин китобни ёпиб
—Шошманг, айрон ҳам бор эди,-дедим.
Замон ака китобга қараркан кўзлари ёниб кетди.
—" Икки эшик ораси"ни ўқияпсизми?
—Ҳа, ўқиганмисиз? —дедим ажабланиб
—Бўлмасам-чи! Беш марта ўқиганман.
Ташқаридан машинанинг сигнали эшитилди. Суҳбатимиз бўлинди. Қозонга сув солдим.
Ҳовлидан Дурдонанинг овози келарди. Ташқарига отилдим.
—Зўрми? Китоб ёқдими? У йўл-йўлакай кулиб, гапириб келарди.
—Эрталабгача ўқиб чиқдингми?Кетдик, сени олиб кетгани келдим.
Очиғи, уйда қолиб китоб ўқигим келарди. Ҳозир борсам, Ҳуррият опа тиндирмайди.
—Қўрқма, иш қилмаймиз, китоб ўқиймиз. Зўр нарса ўйлаб қўйдим.
Овқатимнинг тагини пасайтирдим.
Хуллас, китобимни қўлтиқлаб унга эргашишга мажбур бўлдим.
—Дада, шўрва солиб қўйдим, ичарсизлар.
—Майли, бора қол болам.
Баҳодир ака ҳар доимгидек кўтаринки кайфиятда эди. Машинани ҳайдаб бораркан кўнглимизни кўтарадиган гаплар айтиб борарди.
—Дурдона, Нафосат иккингизни битта институтга олиб бораман. Бирга ўқийсизлар, бўптими?
—Зўр бўларди, ада. Фақат ман журналистикага кираман, ёзувчи бўламан, мухбир бўламан, ўқитувчи бўлишни истамайман, —деди у.
—Йўқ, сен ўқитувчи бўласан. Синфдаги болалар кўзингга қараб туради. Уларга адабиётни, одобни ўргатасан,—деди. Кейин негадир ўйчан бўлиб қолди. Сўнг давом этди
—Қани энди, яна мактабга қайта олсам. Лоақал икки соат дарс ўтсам эди...
Кейинчалик Дурдонадан бир пайтлар дадасининг ўқитувчи бўлганини, тутилиб гапириши сабабли дарс ўтишдан маҳрум қилинганлигини билиб олдим. Тавба, шундоқ обрўли, бадавлат, тўкис одамнинг ҳам армони бор эди.
Дурдона ўйлаб қўйган "зўр нарса" ростан ҳам қизиқ эди.
Биз нари-бери иш қилган бўлдик. Кейин Дурдона "Юр", деб меҳмонхонага бошлади. Бу хонада стол-стуллар қўйилган бўлиб дастурхон ҳамиша ясотиғлиқ туради. Стол устидаги вазада олма, нок, анорлар, икки томонидаги идишда "Қора қум" деб ёзилган шоколадлар, четидаги бежирим идишларда хандон писта, бодом, майиз, ёнғоқ тўлдирилган бўлади.
Дурдона жавоннинг пастки қаватини очиб битта елим халтага хандон писта, бодом солди, вазадаги нок, олмалардан ҳам олди, кейин менга сирли қараб, "Кетдик!" деди.
Ҳуррият опа ҳовлида кўринмасди. Кўринса, ҳозир иш буюради.
У каттагина қора китоб ҳам кўтариб олганди.
Бир пайт иккита уйнинг ўртасига ўрнатилган нарвондан бир қўлида китоб, бир қўлида елим халта билан кўтарила бошлади. Орқасидан китобни кўтариб мен ҳам томга чиқдим.
—Бўлди, Худога шукур, чиқиб олдим Баландликдан қўрқаман, фобиям бор, —деди тин олиб. Унинг ранги оқариб кетганди.
—Вой, унда нимага чиқдинг?
—Ойим китоб ўқишимга рухсат бермайдилар, ҳозир саксонта иш топиб берадилар. Шу ер тинч. Қара, қароргоҳим зўрми?
Энди атрофга разм сола бошладим.
Вой товба! Бу том эмас, қаср-ку! Дурдона тушмагур томга гилам солиб, кўрпача, ёстиқ ҳам ташлаб қўйган экан. Қойил-ей!
—Мен томда яшовчи Карлсоннинг синглиси Дурдонасонман!
—Дурдонахонман дегин! Гапларига кулдим.
—Анавилар бешикларми? Томнинг орқароғида кўзимга ўйинчоқлар кўринаётганди.
—Улар менинг болалигим хамроҳлари—қўғирчоқларим. Ҳалиям ўйнаб тураман. Юр, кўрсатаман!
Қатор терилган бешта ўйинчоқ бешикка бешта қўғирчоқ йўргакланиб беланган, яна бештаси митти атлас кўрпачалар устида ўтиради. Қўғирчоқлар деярли бир хил эди. Мовий кўз, сариқ, жингалак сочли, киприклари узун-узун.
Феруза Салходжаева
@ijod_sehri21https://t.center/ijod_sehri21