View in Telegram
#Kok_terak Кўк терагим 6—қисм Баҳор келиши билан Қозоғистоннинг жанубида қўйларнинг жуни қирқиб олинади. Бу апрел ойларига тўғри келади.  Шимол тамонларда сал кечроқ май ойидан ўтиб бу иш амалга оширилади. Шу ойдан бошлаб қўй қўраларидан қирқилган жунлар катта-катта юк машиналарида биз яшайдиган уйга  келтирилади. Дадам Турбатда ҳам ўз қишлоғимизда бажарган ишларини амалга оширадилар. Фарқи; илгарилари  пахтани сеткадан ўтказиб текислаб, той пахта ҳолатига келтирган бўлсалар,  бу ерда  ўша ишни жун преслашда  амалга оширадилар. Яъни ўша — иш, фақат пахтанинг ўрнига жун тойланади ва ундан ўлканинг шимолида яшайдиган аҳоли учун пийма, қувурлардаги иссиқлиқни ушлаб турадиган қириндисифат маҳсулот ишлаб чиқаришда, нефтни қайта ишлаш корхоналари учун ҳомашё сифатида фойдаланилади. Шу билан бирга жунни ювиб, қайта ишлаб табиий тола ҳам ишлаб чиқарилади. Бу маълумотларни дадамдан билиб олдим. Иш берувчи оила билан қадрдрн бўлиб кетдик. Гоҳида бизни меҳмонга чақирадилар. Кечки салқинда Турбатнинг сокин кўчалари бўйлаб уларникига борамиз. Ё ош, ёки бешбармоқ, ё қозон кабоб тайёрлаган бўладилар. Қизлар ўзимиз бир дастурхон атрофида ўтирамиз. Ҳафтанинг шанба кунлари Баҳодир аканинг Тошкентда ўқийдиган катта қизи, ўғли ҳам уйга қайтади. Шундай кезларда оилада қандайдир байрам бошланади. Дурдона иккимиз қўшнилардан қимиз олиб чиқамиз. Кабобпаз қўрага кабоб теради. Ҳуррият опа сира тинмайди. Қачон қарама, ўчоқ бошида. Уй меҳмонга тўлади. Мен қизларга қарашиб юбораман. Учта қиз билан йўл-йўлакай овқатланиб, иш қилиб кетаверамиз. Ҳовлидаги иккита супа ҳам одамга тўла. Пастдаги стол-стулларга ҳам жой қилинади. Бу оила жудаям меҳмондўст. Баҳодир ака келганларнинг ҳар бирига атаб шеър тўқий олади. Одамлар тарқагач, дадам билан гаплашиб ўтирадилар, мен ҳамма ёғни йиғиштиришиб юбораман, кейин машинада уйга олиб бориб қўядилар. Дадамнинг бир ўзига иш оғирлик қилгани учун яна битта ишчи олиб келадиган бўлдилар. Энди мен сигир соғаман, қатиқ ивитаман. Иккимиздан ортиб қолганини Ҳуррият хола келса бериб юбораман. Улар менга кўйлаклар олиб беради. Ўша куни Баҳодир аканинг машинасини шундоқ эшигимиз тагига тўхтади. —Аҳмаджон! Ассалому алайкум! Дадам шовқинда ишлайдилар. Эшитмайдилар. Шунинг ўзим югуриб чиқдим. —Ассалому алайкум, амаки. — Нафосат, қизим, яхшимисан. Қатиғинг борми, опке, болам! Замонжон, ўтир, ўғлим. Кейин дадам ишлаётган хонага қараб чақирдилар —Аҳмаджон! Энди эътибор берибман, Баҳодир аканинг олдида қорачадан келган, озғинлигидан янаям новча кўринадиган бир йигит ерга қараб турарди. Иккита косада қатиқ олиб чиқдим. —Оҳ, оҳ, умримда шунақа ширин қатиқ ичмаганман. Эртага уйга бориб Дурдонага қатиқ қилишни ўргатасан. Уялиб уйга кириб кетдим. Шундай қилиб Замон ака дадамга шогирд бўлиб келди. У ҳам кўнгли ярим эди. Ота-онаси вафот этиб гоҳ тоғалариникида, гоҳ амакилариникида яшаб улғайган. Мусофир юртларга иш излаб келиб қолганди. У кундузи дадам билан ишлар, кечаси терига тамға қадайдиган ишчилар билан бирга ётарди. Бизни ишга олган оила кўнчилик, теричилик билан шуғулланарди. Замон ака ишга келган куннинг эртасига Дурдона дадаси билан бизникига келди. —Сени опкетгани келдим,—деди у қучоқлаб. Энди кундузи бизникида бўларкансан, дадам айтдилар. Мен ҳам шод эдим. Дурдона яхши ўртоқ. Фақат уларникида жудаям иш кўп. У мени болохонадаги отасининг кутубхонасига олиб чиқди. Кейин китоблардан бирини қўлга олди. —Қара, Худойберди Тўхтабоевнинг дастхати. Буниси—Одил Ёқубовники. Буниси—Тохир Маликники. Бунисида биратўла тўртта ёзувчининг дастхати бор. Китоб ўқишга қизиқасанми? Тўғрисини айтсам, умримда бирорта китоб ўқимаганман. Нима деб жавоб беришни билмай турсам, сенга ҳозир битта китоб бераман, кейин ҳақиқий китоб жинниси бўласан, — деди. Сўнг семизгина, қалингина китобни узатди — Мен умримда бировдан нарса қизғанмаганман, аммо ҳеч кимга китоб бермайман. Лекин шу китобни ўқиб чиқишингни хоҳлайман. Бу "Икки эшик ораси" эди. Негадир уни ўқиб чиқишимга кўзим етмасди. Сабаби қачон китоб ўқисам, уйқум келарди. (давоми бор) Феруза Салходжаева @ijod_sehri21
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily