#Kok_teragim
Кўк терагим
9-қисм
Биз кейинги йил ҳам Турбатга чиқдик. Замон ака яна дадам билан ишлади. Ўша йили ёзда Дурдона билан бирга дарс тайёрладик.. Биз иншолар ёзар, бир-биримизнинг машқимизни текшириб, баҳолар эдик. Дадаси Дурдонани қанчалик эркаласа, Ҳуррият опа шунчалик қаттиққўллик қилади.
Дурдона ўқишга кирди. Акаси, опаси каби ўқитувчилик касбини эгаллайдиган бўлди. Ўша куни Баҳодир ака оила аъзолари қатори мени ҳам тоққа олиб чиқди. Ям-яшил майсалар, зилол сув, пурвиқор тоғлар, хушбўй арчалар, ёнғоқ, дўланалар... Ҳозир ҳам кўзимни юмсам, энтиктириб юборадиган манзаралар...
Энди биз Турбат билан хайрлашамиз. Дурдона қўлимдан тутганча мени ҳовлиси адоғидаги тераклар томон бошлади.
—Нафосат, бир гап айтсам кулмайсанми? —деди.
—Кулмайман,—дедим. Мана шу тераклар отамга ўхшайди. Адам Турбатдан бошқа жойда бунақа тиниқ кўк тераклар ўсмайди дейдилар. Қара, мана буниси —менинг отам! Адам ҳам биладилар, мана шу терак ўзлари эканлигини, уларга айтганман. Бир йили усталар иморатга кесамиз деганида ҳеч кимни йўлатмаганман.
Йиғлаб юбордим. Ахир менинг ҳам ўз уйимда кўк терагим бор. Менинг ҳам дунёда тенгсиз отам бор.
Энди билдим, бизни бирлаштирган нарса— оталаримизга бўлган адоқсиз муҳаббатимиз эди. Шунингдек, иккимиз ҳам дунёдаги энг яхши оталарнинг фарзанди эдик.
—Аҳмаджон, Нафосат ҳам ўқитувчи бўлиши керак. Адабиёт ўқитувчиси. Мен ёрдам бераман.
Ўша йили қаттиқ тайёрландим. Дурдонанинг ўқишга киргани мени руҳлантириб юборган эди.
Онамни кечирган эдим, Аллоҳдан уларга иймон-тавфиқ, инсоф сўрай бошлагандим.
Ўқишга ҳужжат топширадиган йилим уйимизга Баҳодир ака келди. Менга Дурдонанинг саломини етказди, кейин дадам билан ниманидир маслаҳат қилдилар.
Ўша йили дадам мени Тошкентга олиб келди. Буни қаранг-ки, бу ерда ҳам Баҳодир акани учратиб қолдик. Омадим кулиб ўқишга кирдим. Иншодан "4" баҳо, оғзакидан ҳам "4", тарихдан "3" олганим ёдимда, мен сиртқи ўқишга қабул қилинган эдим.
Бошқа бу оила аъзоларини учратмадим. Сиртқи ўқишда ўқиганим учун иккинчи курсда ўқиётганимда ўзим ўқиган мактабга ишга кирдим. Энди авваллари бизни менсимаган одамлардан ҳам совчилар кела бошлаган, аммо мен ўзимдек кўнгли ярим, "Икки эшик ораси" романини беш марта ўқиган одамни кутаётган эдим.
Замон ака бизни қидириб келганда бешинчи курсга ўтгандим. Отам ҳар доимгидек кўнглимга қарадилар. Турмуш ўртоғим отамга ҳақиқий ўғил бўлди, отам Замон аканинг қалбидаги бўшлиқни тўлдирди...
Бирин-кетин туғилган фарзандларимиз ризқли келиб, дадам билан турмуш ўртоғим тадбиркорликни бошлаб юборган эдилар. Ўзим ҳам ўқитувчиликнинг шарафли, машаққатли йўлини босиб ўтдим, ва ҳамон шу йўлдаман.
Кейин отам касал бўлиб қолдилар. Дўхтирлар сабабини топа олмади. Турмуш ўртоғим охирги дақиқақаларгача отамнинг ёнида бўлди.
Мен йиғлаб ўтирарканман, дадам қўлларимдан ушлаб, оҳиста гап бошладилар.
—Нафосат, сенга бир омонат гапни айтишим керак. Ўқишга борган кунимиз —Тошкентда Баҳодир акани кўрган кунимиз эсингдами? Ўшанда сени ўқишга киришингни гаплашиб кетгани келган эканлар. У пайтлар фақат билим билан ўқишга кириб бўлмас эди. Катта шаҳарда таълим олишинг тасодиф эмас, болам.. Ҳар сафар ойлик олганингда шу одамнинг ҳақига дуо қилиб қўй, болам. Мениям унутма...
Кўк терагим қулади. Отамдан айрилиб қолган эдим. Умрини ягона фарзандининг камолига сарфлаган, бирор марта онамдек бевафони баддуо қилмаган бир олийжаноб одамдан айрилган эдим...
Турмуш ўртоғим бир ўғилдек ҳамма маросимларини адо этди.
Энди ота ҳовлимда Замон ака билан уч ўғилни вояга етказаётган эдик. Катта ўғлимизнинг исми Баҳодир.
Замон ака унга тикилиб кўп ибратли воқеаларни айтиб берадилар.
—Қозоғистоннинг қишлоқ, овулларига тери, жун йиғишга борардик. Баъзан қоқ чўлнинг ўртасида, ёки йўлда тўхтаб қолган машиналар кўзга чалиниб қолар, Баҳодир акам тўхтаб, бензин керак бўлса бензин берар, бузилиб қолган бўлса, шатакка олиб, бир неча километр жойга олиб бориб, устахона топиб берар, йўлда қўл кўтарган одам бореи, манзилига олиб бориб қўяр, буларнинг барчасини сидқидилдан бажарар эди.
Феруза Салходжаева
@ijod_sehri21
https://t.center/ijod_sehri21