#Kok_teragim
Кўк терагим
5-қисм
Бу қизлар опа-сингил эдилар. Дурдона мендан каттароқ, Нозима кичикроқ Бирга чой ичдик, кейин ошхонага чиқдик. Ойиси Ҳуррият опа жудаям пазанда экан. Дурдона иккимиз ертўлага тушдик. Битта катта хонанинг таги ер тўла қилинган бўлиб, чироқлар ўрнатилган, токчалари ҳам бор, салқин жой экан. Дурдона қоғоз қутида устма-уст тахланган гўшт консервасидан уч дона олиб, менга узатди, ўзи бир қўлига олхўри, олча аралаш компот, бир қўлига помидорли банкани олди. "Хом аччиқ-чучук" деб қўйди.
Мен умримда бунақа қатор-қатор мурабболар, салатлар, шарбатлар, қуйилтирилган сут, қазилар турган ертўлани кўрмаганман. Биз ҳеч қачон қишга тайёргарлик кўрмаганмиз.
Хуллас, қўлларимизни тўлдириб чиқдик.
Ҳуррият хола картошкани қизартириб қовургач, устига консерваланган гўштларни солиб, қозонни ёпдилар. Бу орада шарбатларни очиб графинларга қуйдилар, ҳом аччиқ-чучук деганларига битта пиёз тўғраб, аралаштириб ликопчаларга солинди. Ертўлага яна бир марта тушиб, флягадан асал, сирли челакдан эритилган сариёғ олиб чиқдик. Ҳаммасини патнисларга солиб дадамлар ўтирган уйга олиб кирдик.
Баҳодир ака бизни шодон қаршилади.
—Она қизларим, ўртоқ бўлиб олибсизлар-ку! Баракалла. Қани, олиб келинглар, —дея қўлимиздаги нарсаларни дастурхонга жойлай бошладилар.
—Аҳмаджон, бу қизим, ўқитувчи бўлмоқчи.
—Қизим, ойингга айт, овқатни тезлаштирсин.
Овқат жудаям мазали эди, аммо хонадон соҳибига ёқмади чоғи, бироздан кейин чиқиб
—Нимага гўштни ўзини қовурмадинг, уят бўлди, қозонга гўшт солиб, бешбармоқ қилинглар! —деб кетди.
Биз ўша куни шу оиланинг меҳмони бўлдик. Кечга бешбармоқ едик. Бу орада Ҳуррият опа тандирда нон ёпди. Қараб турганимни кўриб, ёнига чақирди.
Тандирхона ёнидаги ошхонага кириб музлаткичдан бир коса қаймоқ олиб чиқди, тандирдан узилган иссиқ нонни узатдилар.
—Ол, болам, шуни егин, маза қиласан. Тик турганча ўчоқ бошида иссиқ нонни қаймоққа ботириб ер эканман, йигирмата нон учун йигирма бор оловга кириб чиқаётган шу аёлни бир лаҳзага онам деб тасаввур этдим.
Қани эди шу аёл менинг онам бўлиб қолса! Дурдона билан Нозимага ҳавасим келди. Онаси борларга ҳавасим келди.
Атрофга шом қоронғулиги тушганда Баҳодир ака дадам билан бошлашиб чиқдилар.
—Ҳурриятхон, нарсалар тайёрми?—деди.
Боя Хуррият опанинг буйруғи билан ертўладан олиб чиққанимиз картошка, пиёз, макарон, гуручлар, мураббо, икра, тузламаларни машинага ортдик.
Бир лаҳзада қадрдон бўлиб қолган қизлар билан хайрлашиб машинага ўтирдик.
Бизни баланд тепалик бағрида қурилган, яхшигина таъмирланган, ҳамма шароити бор икки хоналик уйга олиб келишди. Бу атрофи ўралган анча катта майдон бўлиб турли хил кўчатлар саф-саф қилиб экилган, бир четига жун преслаш корхонаси қурилган ишхона эди. Бошқа ишхоналардан фарқи— ҳамма шароити, табиий газ, сув, чироқ ҳатто она- бола сигири ҳам бор бир жой эди.
Баҳодир ака ўта ҳаяжонланиб кетса, дудуқланиб қолар экан. Ҳуррият опа доим турмуш ўртоғининг ёнида юрар, бизга рўзғор қилиб берган бўлсаларда деярли ҳар куни битта товоқда тансиқ таом кўтариб келар эдилар. Товоқнинг устида эса ё пиёзли, ё жиззали, ё ширмой патир бўларди.
Дадам бундан ҳижолат бўлиб овора бўлманглар дегандек гап қилдилар. Шунда Баҳодир ака
—Аҳмаджон, сиз менинг хонадонимга нон билан кириб келдингиз. Бунинг қарзи бўйнимда турибди, мени илк кўрганингиздаёқ қўлимга нон тутқаздингиз, қалбимга нондек азиз бўлиб кириб келдингиз.
Кейин чиройли овозда шеър ўқиб кетди
Нон ризқу рўзимиз, қуту барака,
Нонсиз ўтмас кунимиз, тўю, маърака...
Қизиқ, боядан бери тутилиб-тутилиб гапираётган одам шеър айтганда сира тўхтаб қолмас, бир нафасда айтар экан.
Биз шу ерда яшай бошладик. Дадам ҳовли адоғидаги цехни юргизадилар. Бу томонларда пахта экилмас, Дурдонанинг айтишича умрида пахта даласини кўрмаган экан. Барибир, кўп нарса; ранглар, ўсимликлар, дўкондаги кўйлакларнинг бичими ҳам, хатто қандолатчилар сотадиган ширинликларнинг таъми ҳам бошқача...Фақат одамлари ўша-ўша.
Феруза Салходжаева
@ijod_sehri21