#Kok_teragim
Кўк терагим
3-қисм
Бир куни эрталаб аммам кириб келди. Ҳар доимгидек болаларини ташлаб келган, аммо қандайдир ҳаяжонда эди. Дадам дастурхонга фотиҳа ўқигач, сўрашгани ҳам сабри чидамай янгилигини айтди.
—Ака, Норпошшани кўрдим.
Юрагим гупиллаб уриб кетди. Ойимни айтяпдилар. Беихтиёр дадамга қарадим. Отамнинг юзи докадек оқариб кетган эди. Қўллари ҳам билинар-билинмас қалтирар, аммо янгиликнинг қолганини ҳам эшитгиси келаётганмиди, икки кўзи аммамда эди.
—Каромат опани қизини Қоратошга узатиб бордик. Ўқиб юриб ўша томонлардан биттасини топган экан. Тўйга ўйинчи келибди. Бир пайт аёллар пичирлашиб қолди. Ёнимда ўтирган Толиҳа ўртоғим ҳа деса биқинимга туртади.
—Нима?—десам ўйинчига ишора қилади. Қарасам, Норпошша! Қилпиллаб ўйнаб ётибди. Юпқа, ялтироқ кўйлак кийиб олибди.
Уялиб кетдим. Дадамга қарасам қорайиб кетибдилар.
—Эрдан чиқиб, эрга тегиб, охири кўчада қолган шекилли...
Аммам берилиб гапираётган эди дадам хонтахтага муштуми билан бир урди
—Бўлди қил, тўхтат!
Аммам энди пиқиллаб йиғлай бошлади...
Мен эса энди ўсмирлик остонасига кириб келаётган қиз онамдан уялган эдим. Ичимда "Бундан кўра ўлиб қолгани яхши эди. Эртага синфдошларим гапирадиган бўлди!" —деб қўрқар эдим.
Биз ўқийдиган мактабда бор-йўғи иккитадан синф бор. Синфдошларимни ёмон кўраман, тўғрироғи қўрқаман. Ҳаммага лақаб қўйиб олган ўғил болалар, мендан нафратланишини яшириб ўтирмайди. Шафқатсиз, тарбиясиз. Имкон топиши билан масхара қилишни бошлайдилар. Синфдаги ҳамма бир-бирига лақаб қўйиб чиққан, ҳамма бир-бирини ҳақорат қилиб ҳузур қилади. Энг қизиғи мактабни битиргандан сўнг алоқани мустаҳкамлаб, худди ҳамиша аҳил-иноқ бўлиб ўқигандек ҳар йили учрашиб, бир-бирини тўйларига чақириб турадилар. Мактабни битириб олсам, бирортасини турқини кўрмай. Ёш бошимга олган зарбаларим етади менга.
Ҳозир ҳам мактабга боришдан юрагим безиллайди, хатто ўқитувчилар ҳам менга бошқача, паст назар билан қараётгандек туюлади. Ўғил болаларнику айтмаса ҳам бўлаверади. Ҳақорат, мазаҳ, пичинг...
Баъзида ҳаммасидан тўйиб кетаман. Қаерларгадир бошимни олиб кетсам, ҳеч ким танимайдиган, ўтмишимни билмайдиган жойларга кетсам дейман.
Яхшиям дунёда отам бор. Мени тушунадиган, меҳр кўрсатадиган. Отамга буларнинг бирортасини ҳам айтмаганман. Кейин ўзимга ёмон бўлади. Одам қиёфасидаги тарбиясиз маҳлуқлар кун бермай қўяди...
Энди ўнингчи синфга ўтдим, ҳали яна бир йил ўқишим керак, афсус.
Кечқурун дадам қандайдир хуш кайфиятда қайтдилар. Қўлларида каттагина қовун бор эди. Одатим бўйича ариққа солдим, ортидан тош ҳам тираб қўйдим. Овқатдан сўнг қовун сўйдик. Тўғрироғи, дадам лаганга чиройли каржлаб қўйдилар. Ширин экан. Ҳидини айтмайсизми? Маза қилиб едим.
—Нафосат, Қозоғистонга кетамизми?—сўрадилар қовун тишлаб.
—Қанийди,—дедим ўйлаб ўтирмай.
Дадам менинг рад қилишимни кутганлар чоғи хайрон бўлиб қолдилар.
—Нима бўлди қизим?
—Дада, кетайлик, бизни ҳеч ким танимаган жойларга кетайлик, илтимос.
Дадам бироз сукут сақлаб давом этдилар.
—Кетамиз, болам, Турбатга кетамиз. Хайрулло амакинг бизга иш топибди.
Ўша кеча бир орзумандлик билан ухладим. Сал ҳаяжон ҳам бор эди
Дадам иккимизнинг ҳужжатларимиз тайёр бўлгунича бир ойлар вақт ўтди. Августнинг ўрталарида керакли кийим-кечакларимизни олиб йўлга тушдик. Ғишт кўприк чегара постига етиб келганимизда юрагимни ёқимли ҳаяжон босди. Умримда биринчи марта чет элга чиқишим. Қанақа одамлар, қозоқ тилини мутлақо билмасак, бизни қандай кутиб оладилар, бу ёғи қоронғу эди, аммо кўнглимдаги ёқимли ҳаяжон билан сезардим-ки, ҳаётимда нимадир бўлади.
Кетар чоғим гулларим билан, сирдошларим теракларим билан хайрлашдим. Ҳар бирини қучиб, бағримга босдим. Ишонмайсиз, аммо дарахтларнинг қалби бор. Улар сизни тинглай оладилар. Дардингизга малҳам бўладилар. Бетоб бўлсангиз, дарахтларни бориб қучинг, дарддан фориғ бўласиз, енгил тортасиз.
"Хайр, зилол сув, хайр она ер, хайр азамат дарахтларим...
Хайр, болалигим ўтган уй..."
(давоми
👇👇)
Феруза Салходжаева
@ijod_sehri21
https://t.center/ijod_sehri21