View in Telegram
#Kok_teragim Кўк терагим (1-қисм) Тун кирди. Ҳовли адоғидаги азамат тераклар оймомани бир-бирига узатганча осмон тоқига қадаб қўйдилар. Тўлин ойни томоша қилгани юлдузлар келди. Ой юзидаги доғини кўриб қолишларидан уялиб, сурилиб қочар, бунга сари юлдузлар баттар таъқиб қиларди. На чора, ой ёлғиз, юлдузлар эса кўп... Негадир шу топда ўзимни ёлғизликдан қийналиб паноҳ излаётган ойга, дадамни ҳуув анави четдаги — кўк теракка ўхшатдим Ҳовлига шом тушмасидан кўлоблатиб сув сепган эдим, айниқса, супа атрофига челаклаб сепдим. Ердан аввал ҳовур кўтарилди. Яна сепдим, яна ўзидан иссиқлик таратди, учинчи марта сепган сувимдан сўнг ёқимли тупроқ ҳиди, ер ҳиди таралди. Оромбахш, қадрдон тупроқ ҳиди. Ҳовлимиз бошқаларникидек семон қилинмаган, аммо сув сепиб супураверганимдан сополдек силлиқ бўлиб, ялтираб кетган. Эсимни таниганимдан бери уйимизда ҳеч нарса ўзгармаган. Кейинги йилларда гул экишга муҳаббат қўйдим. Дадам билан ариқ очиб, каттагина гулзор қилдик. Энди эрта баҳордан бошлаб аввал наргиз, лола, кейин гулсафсар, чиннигул, атиргуллар очилади. Кузги гуллар ҳам экканмиз. Сиёҳранг, мовий... Энг яхши кўрганим райҳон. Гуллаши билан учини кесиб ташлайман. Ёз бўйи барқ уриб ўсиб ётади. Шундоқ ҳовлимизнинг тепасидан ариқ сув ўтган. Қатор экилган тераклаб ёқалаб сув оқади. Салқин. Дадам ариқнинг бошини ўйиб, қўлбола ҳовуз қилиб берганлар. Сувни шу ердан челаклаб ташийман. Ҳар ўтганимда азамат тераклар шовуллаб, қарсак чалиб олқишлаётгандек бўлади "Баракалла, қизим!" Баъзида шу бўйдор, яшил дарахтларнинг дуога қўл чўзиб мени дуо қилаётганини кўраман.Чинданам отамга ўхшайди улар. Отамдек меҳрибон, отамдек азиз, отамдек дуогўй, отамдек сирдош... Болалигимда баъзан шу тераклар билан сирлашар эдим —Оналар қандай бўлади кўк терагим? Нимага менинг ойим йўқ? У нега дадамни ташлаб кетган? Мени-чи? Оналар қизларини соғинмайдими? Дарахтлар бир зумгина шовқин солишдан тўхтаб қолади. Барглари шалпайиб, боши эгилади. Худди отамдек... Ёш қизалоқ пайтим отамга шу саволни кўп берардим. "Нимага ҳамманинг ойиси бор, бизнинг ойимиз йўқ?" Ҳозир улғайганман. Ҳаммасини биламан. Дадамдан ҳам сўрашни бас қилганман. Онам икки ёшга тўлганимда мени дадамга ташлаб, ўзи бир одам билан шаҳарга қочиб кетган Биздан воз кечган. Шунга ҳам ўн беш йил бўлди. Ўн етти баҳоримни ҳам дадам иккимиз ёлғиз қаршиладик. Дадам ишдан эрта қайтади. Қаерда бўлса ҳам шом тушмай етиб келадилар. Мени қўрқмасин дейдилар, ҳавотир оладилар. Келишлари билан дастурхон тузаман. Кейин райҳоннинг йирик-йирик шоҳларидан синдириб бир литрлик шиша банкага солиб, хонтахта устига қўяман.. Дадам келгунча қайта-қайта сепган сувим натижасида атроф салқин бўлиб қолади. Каттагина ёнғоқ остига ўрнатилган супага умуман офтоб тушмайди. Дадам ёз ойлари телевизорни ҳам шу ерга ўрнатиб олиб, ярим кечагача футбол кўрадилар. Кейин шу ерда ухлаб қоладилар. Болалигимда мен ҳам дадам билан ётардим. Қўллари болишим, қучоқлари кўрпам бўларди. Бешинчи синфга ўтганимда ўзимга йиғма кроват олиб бердилар. Шундоқ супанинг пастига жойлаб, тоза ҳаводан нафас олиб уйқуга кетаман. Фақат суратларда кўрганим онамни эслайман. "Нима қилаётган эканлар? Бизни ҳеч эслармиканлар? Яна фарзандлари бормикан?" Кейин ўзимча орзулар қиламан. Ўқишга кираман, яхши ишларда ишлайман. Дадамга машина олиб бераман. Онам мени ташлаб кетганидан афсусланадилар... Кўзимга ёш келади, ўпкам тўлади. Бошимга чойшабни тортиб оламан. Дадам сезиб қолса, юраги сиқилади. Кейин ҳовли адоғидаги теракларга тикилганча, кўзда ёш билан уйқуга кетаман. ... Беш ёшлар бўлсам керак. Бетоб бўлиб қолдим. Ҳар куни бир хил туш кўраман. Уйдаги печка гуриллаб ёнаётган бўлади. Печканинг устидаги плиталари олиб ташланган, унинг устида бир аёл узун бўлиб ётади. Оловда ёнади, юзлари қорайиб кетган. "Ойим-ку! Ойи, қочинг, оловда ёняпсиз", —дейман. Қўрқиб, чанқаб тураман. Дадам бошимда ўтирган бўлади. Муздек сув тутадилар. Пешонамни ушлайдилар —Ёняпса, болам. Иссиғинг чиқяпди. Кўзимни юмсам, яна ўша тушни кўраман. Қўрқиб, бақириб уйғонаман. Эртасига отам опичиб дўхтирга олиб боради. Феруза Салходжаева @ijod_sehri21 https://t.center/ijod_sehri21
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily