#Таржима Михаил БУЛГАКОВ
Хон алангаси
Ҳикоя
Қуёш Орешнев қарағайлари орқасига ўтиб ботаётган маҳалда, Қайғу Худоси Апаллон саройнинг олд томонидан соя тарафга ўтиб олди. Шу пайт музей назоратчиси Татьяна Михайловнанинг ҳужрасидан фаррош Дунька югурганча келиб:
– Иона Васильич! Ҳой Иона Васильич! Юра қолинг тезроқ, сизни Татьяна Михайловна сўраяптилар, бугунги саёҳат ҳақида нимадир тайинламоқчи. Унинг жағи шишиб кетган, афтидан тоби қочиб қолганга ўхшайди! – дея, баланд овозда қичқирди.
Ёноқлари пушти ранг Дунька зудлик билан ортга қайрилиб, елдек югураркан, юбкасининг кенг этаги қўнғироқдек айланиб, яланг болдирлари кўриниб кетди.
Мункиллаб қолган кекса хизматчи чол Иона қўлидаги супургини четга ирғитиб, ёндирилган қуюқ бурганлар кулининг ёнига қараб туфлади-да, отхона тарафдан ўтиб Татьяна Михайловна томонга йўл олди.
Назоратчи ҳужрасининг дарчаси ёпиқ турар, даҳлизда эса аллақачон йод ва камфара ёғининг ҳиди анқиб кетган эди. Иона нимқоронғулик ичра оҳиста ингранаётган овозни эшитди. Ғира-шираликда кроват устида Мумка лақабли мушукнинг оппоқ қуённикига ўхшаш катта қулоқлари ва унинг ғамгин боқиб турган кўзлари элас-элас кўзга ташланди.
– Тишингми? – ачиниб, ишора билан сўради Иона.
– Ти-шиим... – хўрсинди оппоқойим.
– Ў... ў... ў... мана сенга керак бўлса, – дея, ҳамдардлик билдирди Иона, – қандай азоб! Дамо-дам Цезарнинг ҳам жағи тинмай увлагани, увлаган... Мен уни, тентак, куппа-кундузи нега мунча ув тортасан? Ахир ҳеч ким ўлаётгани йўқ-ку. Ўчир, овозингни, ҳе, ўз бошингни егур, деб уришдим. Сен эса тишинг оғриётган томондаги жағингнинг устига товуқнинг гўнгини бос, оғриғи бир пасда тинади, қолади.
– Иона... Иона Васильич, – оҳиста сўзлади Татьяна Михайловна, – бугун чоршанба, музейга одамлар келадиган кун. Мен эса чиқолмайман. Бу азобни қаранг. Энди саёҳатчиларни ўзингиз бир амаллаб сайр қилдирасиз. Уларга ҳамма нарсани кўрсатинг. Мен сизга ёрдамга, Дунькани ҳамроҳ қилиб юбораман.
– Ҳа, майли... Ҳар иш Худодан. Жўната қол. Ўзимиз қараймиз, амаллаймиз, асосийси, доимгидек жомларга эҳтиёт бўламиз. Ҳар хил одам келиб кетади-да... Ким билади дейсан, борди-ю, қайси бирови олиб, чўнтагига солиб кетса, бунинг ҳеч қийин жойи йўқ... Шунда уларнинг ном-нишонини ҳам тополмайсан. Аммо кейин ким жавоб беради? Биз, албатта. Картиналардан қўрқмайман, уларни, чўнтакка солиб, яшириб бўлмайди. Тўғри айтаяпманми?
– Дуняша сиз билан изма-из юради, орқангиздан кўз узмай, кузатиб, диққат билан эҳтиёт бўлади. Мабода, улар мени сўраб қолишса, кузутувчи бетоб бўлиб қолди, деб айтинг.
– Хўп, хўп. Сен эса, – дея, жағини кўрсатиб, гўнгга ишора қилди чол. Докторлар – улар ҳозир жағни осонгина кесиб, тишни суғуриб олади. Бир пайтлар Федор Орешневский деганининг ҳам худди шундай жағини кесиб, тишини суғуриб олишувди, натижа нима бўлди, у киши ўлиб қолди. Бу анча йиллар илгари бўлган воқеа. Ўшанда унинг ҳам ҳовлисида кучиги росса увлаганди.
Татьяна Михайловна бир инграб, деди:
– Боринг, борақолинг Иона Васильич, саёҳатчиларнинг қай бирлари аллақачон келиб ҳам улгургандир...
Иона оқ плакатли оғир чугун дарчани очиб қўйди, унда шундай ёзувлар бор эди:
ХОН ҚАРОРГОҲИ
МУЗЕЙ-ҚЎРҒОНЧАСИ
Музейга кириш чоршанба, жума ва якшанба кунлари
соат 6 дан кеч 8 гача.
Рус тилидан Дилором АБДУРАҲМОН таржимасиҲикоянинг довоми кейинги саҳифада