View in Telegram
Александр КУПРИН Миннатли нон Ҳикоя (Давоми, боши аввалги саҳифада) Бир куни кечаси Гарф билан бирга уникига йиғилган меҳмонлар аввал ресторанга, кейин эса аёллар билан учрашувга боришни режалаштирдилар. Улар шунчаки тил учида мени ҳам бирга боришимни таклиф қилишди. Мен албатта шунчаки рад жавобини бермоқчи бўлдим, чунки, “йўқ” деган жавобим уларга жуда маъқул тушишини билар эдим. Аммо, Худо ҳаққи ўшанда қандайдир бир куч мени шошганча, пальтомни кийиб олишим ва уларга қўшилиб жўнашимга мажбур қилганини ҳанузгача тушунолмайман. Ресторанда овқатланиш пайтида ҳамма яйраб, шўхлик билан ўзаро ҳар хил ҳазил гаплар бошланди. Мен эса беихтиёр худди ўргатилган кучук каби тинмай қийқириб кулар эдим ва бу менга бениҳоя ҳузур бахш этарди. Аммо менинг ҳам хаёлимга бирор бир қиззиқ, кулгили фикр келиб қолса, мен уни айтиб берай десам, ҳеч ким менга эътибор бермасди. Мен қанчалик оғиз жуфтлашга ҳаракат қилмай, шу заҳотиёқ сўзимни бўлар ва менинг айтмоқчи бўлган гапим оғзимда қолиб кетарди. Бир сўзни ўнинчи бор айтишга ҳаракат қилиб, бирин-кетин ҳамсуҳбатларимнинг кўзларига боқарканман, уларнинг бирортасининг нигоҳи нигоҳимга тушмасди... Мен учун кеч тушиши ҳаммасидан ҳам даҳшатлироқ эди. Чунки менинг ётар жойим худди коридорга ўхшаш ҳамма босиб кириб-чиқадиган тор йўлакда жойлашган эди. Менинг ўрним пружиналари чўкиб, ўртаси қийшайиб қолган, толаси титилиб, ташқарига чиқиб ётган эски узун курсига ўхшаш кушетка эди. Унинг олдинги икки оёғи йўқлиги учун ўрнига чамодонимни қўйиб қўйган эдим. Эҳ, бу ўриндиқни қанчалик ёмон кўришимни билсангиз эди! Мен бу каби одамни эсанкиратиб қўядиган ночор кўргиликни ҳеч бир инсонга раво кўрмасдим. Эски нарсаларга ўта ўч бўлган ашаддий эскипўш ҳам бундай расво, эски нарсанинг баҳридан аллақачон кечган бўларди. Ҳар куни навбатдаги узун кечалар яқинлашиб келар, мени кутиб турган чидаб бўлмас азобли, уйқусиз тун ўз бағрига чорлар эди. Ниҳоят мен ўша кеч ҳам жойимга ётдим. Ётоқ курсининг букчайган қийшиқ жойи елкамга ботиб, қаддимни тобора бука бошларди. Чиқиб турган пружиналар икки ёнимдан танимга ботиб, ёстиғим жуда кичкина бўлгани учун бошимда турмай, сурилиб кетаверарди. Ўрнимга ётганимдан сўнг орадан беш дақиқача вақт ўтгач, доимгидек белим ва елкамда бемани оғриқ туради. Бошим қизиб, бечора миямда турли ўй-хаёллар айланиб, гўё талваса ўпқонида чарх ура бошлайди... Шунда бирин-кетин ақл бовар қилмайдиган ва ҳеч қачон рўёбга чиқмайдиган, келажакдаги режаларим тузила бошланади. Негадир тун кезлари бу каби хом-хаёл режаларимга ишонардим, аммо тонг ёришиши билан улар мени худди иситма аралаш алахсираш каби даҳшатга соларди. Кундузги бўлаётган ҳар бир ҳодисаларнинг тааъсуроти, ўзимнинг ва бошқаларнинг айтган сўзлари, кечган ҳар бир дилсиёҳлик, камситиш ва ҳақоратлар яна қайта-қайта хотирамда жонланарди. Мени қийноққа солиб, бирин-кетин хотирамда жонланаётган бу каби даҳшатли кечинма, изтироблар ичида борлиғимни жизиллатиб куйдиргувчи азоблардан сел бўлардим. Бу ҳолатимни фақат ёлғизликка маҳкум ва хўрланган инсонгина тасаавур қилиши мумкин холос. Бошимдан ўтказган бу каби қабиҳ паскашликларни хотирамда қайта жонлантиргач, қалбимнинг туб-тубидан бир жирканч балчиқни қўпориб олиб ташлашга ҳаракат қилар эдим, гўё. У шунчалар аянчли нарсаларки... ҳатто уни на суд залида ва на ўзингни ҳимоя қилиш учун ҳам гапириб бўлмайди... Рус тилидан Дилором АБДУРАҲМОН таржимаси Ҳикоянинг довоми кейинги саҳифада
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily