#ТаржимаАлександр КУПРИН Миннатли нон Ҳикоя – Судланувчи, сизга қоидага биноан охирги сўз берилади, – деди, толиққан кўзларини аранг очиб, лоқайд бир оҳангда суд раиси. – Ўз қилмишингизга ойдинлик киритиш ёки ўзингизни оқлаш учун яна нималарни қўшимча қилоласиз?
Айбланувчи бу мурожаатдан сўнг бехосдан ўрнидан сапчиб турди ва асабий бир ҳолатда узун, ингичка бармоқлари билан судланувчи курсисини тўсиб турган панжарани маҳкам ушлаб олди. У ҳадиксираб, кўзларида акс этиб турган қўрқувни яширишга ҳаракат қилаётган кўримсизгина, озғин киши эди. Унинг оқ оралаб қолган сийрак соч-соқоли ва оппоқ киприги бўздек оқарган рангини худди камқонлик касалига чалинган бемор каби янада хастаҳол қилиб кўрсатарди... У ўзининг узоқ қариндоши бўлган граф Венцепольскийнинг уйида яшаб туриб, 23 январдан 24 январга ўтар кечаси олдиндан ўйланган режа асосида унинг хонадонига қасддан ўт қўйганликда айбланмоқда эди. Тиббий экспертиза айбланувчининг ақлий-руҳий сифатларини ўрганиб, меъёр ҳолда эканини маълум қилган. Хулосага эса унинг асаб тизимидаги баъзи зўриқишлар туфайли ички ҳиссиётларини тутиб туриш ҳолатининг заифлиги, кутилмаганда кўзёш қилишга мойиллиги борлиги каби жиҳатлар қайд этилганди.
Айблунувчи шу пайтгача давом этаётган айблов ишининг муҳокамасига аралашолмай, бепарво, гўё бу жараёнда иштирок ҳам этмаётгандек жимгина ўтирган эди. Расман тарзда олиб борилаётган суд йиғилишидаги ўта дабдабали вазият, судяларнинг ўзига хос либослари, устига тилла сув юритилган ипдан тайёрланган попукли, қалин қизил мовут ёпилган суд столининг кўриниши, икки хил тўқ рангда тантанавор безатилган кенг зал ва унинг деворларига осиб қўйилган маҳобатли рамкали портретлар, суд залига йиғилганларнинг махсус тўсиқ орқасини тўлдириб ўта жиддий ўтиришлари, назоратчи нозирлар, киборли суд маслаҳатчилари, совуққон прокурорнинг салобати, адвокатнинг эса масалага нисбаттан қилаётган бемазмун хулосаси ва буларнинг барча-барчаси айбланувчини буткул эсанкиратиб қўйган эди. Унинг назарида гўё у қандайдир баҳайбат, қўрқинчли машинанинг тишлари орасида қолиб кетган-у, энди эса уни бир нафас бўлса-да тўхтатишга на бир инсон ва на бирор ирода кучи қодир эмасдек эди, гўё.
У ҳимояловчи адвокати нутқ сўзлаётган пайтда бир неча бор шарт ўрнидан туриб: “Жаноби адвокат, сиз умуман бошқа нарса ҳақида гапираяпсиз. Воқеа сираям ундай бўлган эмас. Келинг, менга бир нафас имкон беринг, қилган айбим тўғрисида ўзим бирма-бир сўзлаб берай”, демоқчи бўлиб чоғланди, аммо айтолмади. Унга сўз бериб қолишларини кутди. Мабода унга сўз берилгудек бўлса, шу заҳоти унинг ўзи бўлган воқеанинг барчасини аниқ ва тушунарли қилиб сўзлаб бермоқчи эди. У ўзининг ўша пайтдаги руҳий изтироблари, ўй-хаёллари, ўзидан ўзга биров тасаввур қилиши қийин бўлган барча ички кечинмаларигача баён қилиб бермоқчи бўлди. Лекин ҳаракатга тушиб кетган бу беаёв қўрқинчли машинанинг тинимсиз бефарқ айланаётган ғилдиракларини тўхтатишга унинг журъати етмади.
Рус тилидан Дилором АБДУРАҲМОН таржимасиҲикоянинг давоми кейинги саҳифада