Азиз китобхоним! Мабодо, бу гапларга бовар қилмасангиз, “ёзувчимиз қаламни жа-а эркин қўйвориб, лоф-қофни олаверибди-да”, деб ўйласангиз, зоримиз бор, зўримиз йўқ. Лекин сизни ишонтирмоқ муаллифнинг фарзидирки, биноан алайҳи, қўшимча далиллар ҳам етаридан ортиқ. Чунончи, кинохоналар эшиги аксарият ойнаванд бўлиб, ҳафта сайин, гоҳо кун оша ва ҳар куни чил-чил тўкиларди. Мухлислар мунақанги синдир-синдир ва ўзаро жиққамушт билан ҳам тинчимасдан, бегуноҳдан-бегуноҳ чиптафурушнинг юз-кўзини “бежаб” туришарди. Битта-яримта хулиганнинг ўн беш кун “ўтириб” чиқиши ҳам айни муаммони ҳал қилолган эмас. Боз устига, чайқов бозори ташкил бўлиб...
Тўққизинчи синфдаги бир йигитча ярим йилда олтмиш соат дарс қолдирибди. Муаллим аниқласа, қайсидир “индийский”ни ўттиз марта кўрган экан, фильм икки серияли бўлиб, ҳар гал икки соатдан намойиш қилинган-да. Ота-онасини мактабга чақиртириб, шахсан директор ўзи қисди-қафасга олади. Онанинг фиғони фалакда, нафасига учқун борса, “пов” этади, кўз ёшини мўл-кўл тўкиб айтишича, ўғли ошиқ бўлиб қолган. Севиклисининг сурати киссасида, дақиқа сайин қўлига олиб, тикилгани-тикилган, дамба-дам йиғлармиш ҳам. Галдаги кинотомошадан қайтади-да, кўксини заҳга бериб ётаверади, емайди, ичмайди, устма-уст нос отиб (отасининг бутилкасидан бекитиқча олган), ухламасдан туни билан юриб чиқади, фақат хўрсинади, ўт-олов оҳлар чекади. Неча ҳафтадирки, шу аҳвол. Рангида ранг йўқ, озиб-тўзиб кетган, афт-ангори қоқ устихон...
– Ким экан уни бунчалар девона Мажнун қилган ўша қиз? – кулимсирайди директор домла.
– Вой, ўла қолсин, қиз-пизмас... – аёл нажот умидида эрига қарайди. – Сиз айтинг.
– Нимасини айтаман?! – чўрт кесади ота. – Эрта ўтиб, индинга – жума, пешиндан кейин икки лаган ош дамлайсан. Уч-тўртта мулла чақириб, у аҳмоққа чилёсин ўқитаман-қўяман. Сенга айтдим-ку, хотин, ўзигаям роса тушунтирганман. Ўғлинг ўлдим-куйдим бўлган актриса, отиям бир нарса, Титами, Ситами, билмайман, аммо ёшини яшаб, ошини ошаб, оламдан ўтиб кетган, ахир...
Бунақа “ошиқлар” битта-иккитамасди, боз устига, яна бир тоифа йигитлар пайдо бўлишди: худди экрандаги мисоли иккала кафтни жуфтлаб, олға ниқтайдилар.
– Бунақада қўл бериб сўрашиш ахийри урфдан қолади шекилли, – хуноб бўлишарди кексалар.
Қизларнинг сарига ҳаваси келди, беш-ўн қулочлик газмолни томоқдан тўпиққача энлайин чирмаб оладиганлар чиқди. Чеварга кетадиган чоклов ҳаражати тежалиши маъқул бўлгандай эди, фақат битта кори ҳолдан сўнг...
📖 «Қора лола»
© Рустамжон Умматов
(«Қотилларни қолдириб доғда» номли роман-тетралогиянинг 2-китобидан.)Telegram |
Facebook |
Wikipedia