View in Telegram
#Kitobdan_parcha ​​Телеминиатюралар театрида бир ҳангомани такрор ва такрор намойиш этишарди. Мазмуни тубандагича: маданият уйига юқоридан комиссия келади-да, бадиий ҳаваскорларнинг репертуари билан қизиқади. Ансамблнинг раҳбари бу борада тинимсиз изланиб, яқинда яп-янги қўшиқ премьераси ўтказилгани ва қарсаклар ёмғирдай ёғилиб кетгани ҳақида лоф уради. – Ким ижро этди? – сўрайди нуфузли меҳмон. – Жўра Ҳамдам. – Шоир-чи? – Жўра Ҳамдамнинг ўзгинаси. – Куйни басталаган ҳам... – Ҳа-ҳа, Жўра Ҳамдам мусиқаси. – Ёпирай! – ҳайратдан ёқа ушлайди меҳмон. – Бунчалар  иқтидор эгаси ва дарёйи илм сиймо билан учрашсак бўлармикан? – Нега бўлмас экан? Ҳузурингиздаги каминаи камтарин Жўра Ҳамдам бўламанки, буюринг, не хизмат бўлса... “Жўра Ҳамдам”ни қайтариб-қайтариб қўяверишарди, биз ҳам қотиб-қотиб кулаверардек. Зотан, актёрлар сара, ижро қойилмақомки, ҳамма ёққа чангал солаверадиган персонаж устидан кулмасликнинг ҳеч иложи йўқ эди. Қолаверса, шеърга – шоир, куйга – бастакор ҳақлики, ҳофиз ялласини айтиб юравермайдими? Ахир, чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин-да. Бу мулоҳазада мантиқ бор, албатта. Бироқ ана шу мантиқ ўзидан қадимий ва пойдор бўлак бир ҳақиқатни инкор этолмайди. Чунончи, умрбоқий аллаларнинг, ёр-ёрларнинг, меҳнат ва мавсум қўшиқларининг шеъри қай шоирники, мусиқасини ким яратган? “Гўрўғли”-чи, “Алпомиш”-чи? Бундай саволлар бўлиши мумкинмас, агарда мумкин десалар, бу гуё Амударё ва Сирдарёни ким қазгани хусусида бош қотиришдай беҳудадир. Халқона тароналарнинг сўзи ҳам, оҳанги ҳам куйловчининг қалбидан қайнаб чиққан, бу унинг муаллифлик қўшиғи. Дерсизки: – Бу фикр – хато, ахир, сиз айтаётган гаплар фольклор-ку? – Тўғри, лекин илк сўз санъати халқ оғзаки ижодидан бошланар экан, бугунги муаллифлик қўшиқлари ўша булоқдан сув ичмасинми? Европалик мусиқашунослар бу жанр тарихини 60-70 йил, борингки, 80 йил ҳисоблашади. Ваҳоланки, антик Эллада ва Римнинг анакреонтик нолалари, француз трубадурлари ва Шарқнинг девона-қаландарлари айтадиган мадҳиялар – бари муаллифлик қўшиқлари эди. Бу асрий санъатки, мисоллари ва намояндалари сероб... Аллоҳ сийлаган санъаткор қўлидан келибди-да, ўз шеърига ўзи куй басталаб, ўзи куйлабди. Бунинг нимаси айб? Ушбу мантиқ нуқтаи назаридан “Жўра Ҳамдам” мутлақо кулгили туюлмайди. Муаллифлик қўшиғининг Европадаги кашшофи Гомер бўлса, бизда достончилар (бахшилар) бўлган. Халқ бахшиларининг мактаб кўрган-кўрмагани ҳақида индамасак маъқулроқ. Гомер эса саводсизгина эмас, иккала кўзи сўқир эди... 📖 «Унутмас мени боғим» © Рустамжон Умматов Telegram | Facebook | Wikipedia
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Love Center - Dating, Friends & Matches, NY, LA, Dubai, Global
Find friends or serious relationships easily