ХАВОТИР
Эҳтимол, кулгили туюлар сизга,
Энди мен қўрқмайман десам ўлимдан...
То қайтиб бўлмаскан ўтилган изга
Бошқа бир жасорат келмас қўлимдан.
Жим турдим ҳақиқат хўрланганида,
Мазлум эзилганда юзимни бурдим.
Мадҳиялар ёздим ёлғон шаънига,
Қиличлар қошида қошдай эгилдим.
Қўрқмагин ўлимдан, қўрқма ҳаётдан,
Дея ақидалар айтдим салмоқлик.
Иложи йўқ экан, йўлбарс ё отдан
Юракни беш кунга қарзга олмоқлик.
Энди ўлимимдан тиламам шафқат,
Энди мен ўлимнинг қошида ботир.
Ортимда қолажак ҳаётдан фақат
Хавотир оламан, қаттиқ хавотир...
2008 йил 18 март
© Эшқобил ШУКУР
@Eshqobil_Shukur_ijodi