СЕН КЕЛМА
Сен келма – қайғумнинг эркини
Қўлларингга тутмоқ истамам...
Фасллар оғриқларин ёзиб ўтса-да
Замин уйғонишга
куч топар такрор,
мен ҳам!
Менинг кимлигимда, ҳеч кимлигимда
Қуёшдай мағруру ичкинлигимда
бутунлигим,
чилпарчинлигим
Етти ётлигимда, юз хотиримда
Сенинг
қайғуларинг
туғилар...
Узаман гулларнинг баргини,
Сезаман:
жон берар чақмоқлар...
Бу дунё ичимга беркинар,
У дунё ўтади баҳримдан
оҳ-воҳлаб...
Ўлик шаҳарларнинг тирик қалби бор,
Мунғайган тоғларда бордир тазарру.
Қўлимдан ташқари – қўнимсиз висол,
Ўлимдан ташқари
кўнглимнинг қаъри.
Сен келма
Бу фироқ ўзимни
базўр еб битирар,
битарман...
Чақмоқнинг шаклига кирибоқ
Умрингдан чақмоқдай ўтарман –
Сен келма!
Рашид ХЎЖАМОВ